Хитой коронавирус кўлами ва қурбонларини камайтириб кўрсатяптими?

Олам 12219
image

Хитойнинг янги коронавирус пайдо бўлган Ухань шаҳридаги россиялик Павел Личман “Звезда” телеканалига янги офат “ўчоғи”даги вазият ҳақида гапириб берди.

“Биз яшайдиган туманда ҳаммаси анчайин барқарор. Аммо умумий олганда вазият кескинлашган”, дейди Личман. У шаҳарда дўкон ва дорихоналар ишлаётгани, бироқ жамоат транспорти ва таксилар фаолияти тўхтатилганини қўшимча қилди.

Личман шунингдек, Хитой ҳукумати коронавирусдан касалланганлар ва қурбонлар ҳақидаги маълумотни камайтириб кўрсатаётгани ҳақидаги миш-мишларга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, қатор омилларни ҳисобга олиб, расмий Пекин тўғри статистикаларни бериб боряпти ва вазиятни назорат қиляпти, дейиш мумкин.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 427 нафарга, у билан касалланганлар сони 20 623 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 446
Рейтинг: 2.9
t
×