Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши Ўзбекистонга нима беради?
Бизнес
−
12 Октябрь 2022
18014Каспий денгизига чиқадиган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши товар айирбошлаш ҳажмини оширади ва минтақада юк ташиш харажатларини камайтиради. Бу фикрни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев кеча, 11 октябрь куни қирғизистонлик мавқедоши Садир Жапаров билан Бишкекда бўлиб ўтган музокарадан сўнг матбуот баёнотида билдирди.
“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Каспий янги темир йўли қурилиши ва фойдаланишга топширилиши билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва юкларни ташиш таннархини пасайтириш имкониятлари пайдо бўлади. Биз қардош Қирғизистонни, шунингдек, бошқа ҳамкор давлатларни бу муҳим лойиҳа ишга туширилиши билан табриклаймиз”, дейди Алиев.
Озарбайжон Президенти икки давлат делегациялари иштирокидаги учрашувда бу темир йўл Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали ўтиб, кейин Европа давлатларига ўтувчи Ўрта йўлак ёки Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг бир қисмига айланишини урғулади.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжонда аллақачон кенг транспорт инфратузилмаси – темир йўл, автомобиль ва ҳаво – Европа бозорларига чиқиш имконияти мавжуд.
“Асосийси, минтақангизда ва Ғарбий Каспий минтақасида амалга оширилаётган барча лойиҳалар синхронлаштирилиши керак, шунда биз порт имкониятларини кенгайтиришни режалаштира оламиз”, дейди у.
Шу муносабат билан Алиев Озарбайжондаги Алят денгиз портининг юк ташиш қувватини 15 миллион тоннадан 25 миллион тоннагача кенгайтириш режаларини маълум қилди.
“Аслида, бундай режалар бошиданоқ бор эди, лекин биз бунга узоқ, узоқ келажак деб қарадик. Аммо бугун, баъзи кунларда портда ҳатто тирбандликлар ҳам бўлмоқда, чунки юк ҳажми тез суръатлар билан ўсиб бормоқда”, дейди давлат раҳбари.
2022 йил сентябрь ойида Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган эди. Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон янги темир йўл коридори Евроосиё қитъа кўпригининг жанубий тармоғига айланади ва Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига очиқ йўл очади. Бу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқи давлатларига юкларни етказиб беришни таъминлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь