Хитой АҚШ туфайли Тайвань яқинида ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
15 Апрель 2022
10799Хитой ҳарбийлари Тайвань атрофида машғулотлар ўтказаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.
Хитой Халқ озодлик армияси жанговар қўмондонлигининг Шарқий ҳудуди томонидан тарқатилган баёнотда айтилишича, машғулотлар АҚШ томонидан “тайванлик сепаратистлар”га юборилаётган “жиддий нотўғри сигналлар” туфайли ўтказилмоқда. Қўмондонлик Қўшма Штатлар Тайвань мустақиллигини қўллаб-қувватламасликка ваъда берганини эслатган.
Таъкидланишича, машғулотлар Шарқий Хитой денгизи ҳаво ҳудуди ва Тайвань атрофида ўтказилмоқда, уларда эсминецлар, фрегатлар, бомбардимончи самолётлар, қирувчи самолётлар ва бошқа кучлар иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида, кеча, 14 апрель куни АҚШнинг олти нафар конгрессмени Тайванга олдиндан эълон қилинмаган икки кунлик ташриф билан келган. Америкалик сиёсатчилар Тайвань Президенти Цай Инвэнь билан учрашмоқчи.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатлар Тайвань билан барча расмий алоқаларни тўхтатиши кераклигини айтган.
Қўшма Штатлар Тайвань билан расмий алоқаларга эга эмас, лекин унинг энг муҳим халқаро тарафдори ва қурол етказиб берувчиси ҳисобланади. АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти оролни қўллаб-қувватлаши ҳақида бир неча бор гапирган, бу эса аллақачон ёмон бўлган Хитой-Америка муносабатларини кескинлаштирган.
LiveБарчаси