Хитой Африкага миллиардлаб сармоя киритмоқчи

Олам

image

Хитой Африка давлатларига 360 миллиард юань (45,8 миллиард евро) миқдорида сармоя киритиш ниятида. Бу ҳақда кеча, 4 сентябрь куни Пекинда Хитой-Африка ҳамкорлиги форуми (FOCAC) очилишида ХХР раиси Си Цзиньпин маълум қилди.

Келгуси уч йилда 210 миллиард юань (26,7 миллиард евро) кредит кўринишида, яна 80 миллиард юань (10,1 миллиард евро) турли турдаги ёрдам кўринишида берилиши режалаштирилган. Шунингдек, Хитой корхоналари томонидан минтақага яна 70 миллиард юань (8,9 миллиард евро) сармоя киритилади.

Хитой томонининг маълум қилишича, Хитой-Африка ҳамкорлигига бағишланган форумда 50 га яқин Африка давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этган. Унда Хитой ва Африка давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни таълим, савдо, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия манбалари, шунингдек, ҳарбий соҳа каби йўналишларда кенгайтириш муҳокама қилинадиган асосий мавзулар бўлиши кутилмоқда.

Си Цзиньпиннинг айтишича, Хитой Африка давлатлари билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқчи, яшил энергия лойиҳаларини ишлаб чиқмоқчи, шунингдек, Африкага тиббиёт ходимларини юбормоқчи. Шу билан бирга, Пекин Хитой бозорини Африка давлатлари учун очиш ва улар билан келажакда божхона тўловларисиз савдо қилиш ниятида.

Шу билан бирга, Си Ғарбнинг Африка тараққиётидаги ролини танқид қилди. 

“Модернизация билан шуғулланиш барча давлатларнинг ҳуқуқидир. Ғарбча модернизация қилиш жараёни кўплаб ривожланаётган мамлакатларга катта қайғу келтирди”, деди у FOCAC очилишида. 

Ўз навбатида, форумга фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Хитой ва Африка ҳамкорликни ривожлантиришда “БМТнинг тўлиқ кўмагига таяниши мумкинлигини” таъкидлади. 

“Умумий мақсадлар тинчлик, ишлаб чиқаришни экологик хавфсиз ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир”, дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Гутерриш баъзи Африка давлатларининг Пекин олдидаги қарзлари билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, минтақада ишлаб чиқаришни экологик хавфсиз ривожлантиришга сармоя киритишдаги қийинчиликларга эътибор қаратди.

Ўтган йиллар давомида Хитой Африкадаги йирик инфратузилма лойиҳаларига миллиардлаб доллар сармоя киритди. 

“Кўп давлатлар бундан фойда кўрди, бироқ бошқалари Хитойга қарам бўлиб қолди, чунки улар олган кредитларини тўлай олмади. Минтақага сармоя киритиш орқали Пекин Африка бозорига, шунингдек, Африкада мавжуд минерал ресурсларга киришга ва халқаро майдонда Африка давлатларининг қўлловига умид қилмоқда”, деб таъкидлайди DPA агентлиги.

Хитой-Африка ҳамкорлик форуми 2000 йилдан бери ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. У 2024 йилда Пекинда 4-6 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Африка Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг