Хиросима устида парвозлар тақиқланади
Олам
−
09 Март 2023
8857Жорий йилнинг 18–22 май кунлари Япониянинг Хиросима шаҳри устида парвозлар тақиқланади. Чунки шу даврда G7 давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Япония давлат ерлари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, парвозлар тақиқланган ҳудуд “Катта еттилик” етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтадиган Grand Prince меҳмонхонаси радиусидаги тахминан 46 км масофани қамраб олади.
Таъкидлаш жоизки, кўп сонли юқори мартабали хорижлик меҳмонлар тўпланадиган жойларда парвозларни тақиқлаш зоналарини жорий этиш Япония учун одатий ҳолдир. Хусусан, 2022 йил сентябрь ойида Токиода бўлиб ўтган Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абенинг давлат дафн маросимида террористик ҳужумлардан ҳимоя қилишга қаратилган ана шундай чоралар жорий этилган эди.
Маълумот учун, Япония бу йил G7’га раислик қилади ва май ойида Хиросимада саммитга мезбонлик қилади. Маҳаллий ҳокимиятлар Украина Президенти Владимир Зеленскийни саммитда иштирок этиши мумкин деб ҳисобламоқда. Бироқ бу борада ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.