ХДП Мирзиёев ғалабасини тўла-тўкис тан олади – Мақсуда Ворисова

Жамият 2953

Халқ демократик партиясидан президентликка кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисова ва унинг партияси сайловда катта фарқ билан муваффақият қозонган Шавкат Мирзиёев ғалабасини  тўла-тўкис тан олди. У бу ҳақда бугун, 25 октябрь куни Президент сайловидаги иштироки натижалари бўйича ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

“Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев жуда катта фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг номзоди 6,6 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллади. Биз буни халқимизнинг сиёсий иродасининг амалдаги ифодаси, деб биламиз ва сайлов натижаларини тўла-тўкис тан оламиз. Биз халқимизнинг ушбу танловини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз”, дейди Ворисова.  

У сўзида давом этаркан, Шавкат Мирзиёев томон идан ишлаб чиқилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” халқ қалбидан чуқур ўрин эгаллаганини ва бундан кейин ХДП ҳам халқ фаравонлиги учун тинимсиз ишлашини таъкидлади.

“Шу ўринда мен халқимизни ҳам ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев атрофларида бирлашиб, биргаликда олға қадам босишга чақириб қоламан”, дейди ХДП номзоди. 

Мақсуда Ворисова сўзини якунлар экан, сайлов жараёнида иштирок этган ҳар бир инсонга, халқаро кузатувчиларга, партия аъзоларига ва ОАВ вакилларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 октябрь куни республикада ва Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналарида Президент сайлови бўлиб ўтганди. Бугун, 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини маълум қилди. Унга кўра, ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 2.9
t
×