Хайрулло Бозоров вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
13 Январь 2020
11333Наманган шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили сифатида Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов иштирок этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Сессия кун тартибидан ўрин олган масалалар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала юзасидан сиёсий партиялар гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили, Президент давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов сўз олиб, Ўзбекистон Президенти томонидан Наманган вилояти ҳокими лавозимига 6-Сероб сайлов округидан сайланган депутат Бозоров Хайрулло Хайитбаевичнинг номзодини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.
Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси гуруҳи номидан Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси гуруҳи номидан Мусахон Аппаков, “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи номидан Турсунбой Файзуллаев, Ўзбекистон демократик партияси гуруҳи номидан Дилшодхон Дадажанова, Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи номидан Абдулвохид Иминов сўз олиб, Хайрулло Бозоровнинг вилоят ҳокими лавозимидаги фаолияти вилоят аҳли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини, Президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг вилоятда амалга тўғри тадбиқ этилаётганлиги боис аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб, халқнинг давлатдан розилиги таъминланаётганини, Бозоровнинг одоб-ахлоқи юқорилиги, босиқлиги, халқ дардини тинглашга ва уларга ечим топишга доим тайёрлигини эътироф этиб, вилоят ҳокими лавозимига тавсия этилган Хайрулло Бозаров номзодини қўллаб-қувватлашди.
Хайрулло Бозоров Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутатлари томонидан Наманган вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Сессияда сўз олган Хайрулло Бозоров, билдирилган юксак ишонч учун давлат раҳбарига ҳамда вилоят кенгаши депутатларига ўз миннатдорчилигини билдириб, бу ишончни оқлаш учун вилоятнинг ҳар соҳада Республика бўйича юқори натижаларга эришиши йўлида тинимсиз меҳнат қилишга давом этишини қайд этди.
LiveБарчаси