Хато кетидан хато. ССВга қачон ақл киради?

Саломатлик

Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб, ҳар чоршанба куни барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида йод препаратларининг бепул тарқатилиши йўлга қўйилган эди. Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори имзоланган ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 15 сентябрда эълон қилинган. Аммо атиги 5 кунда таъминланган қарор ижроси 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган мактаб ва боғча болаларида оммавий заҳарланишга сабаб бўлди. Наманганда 71 нафар бола йоддан заҳарланди. Худди шундай вазият Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ҳам такрорланди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги йоддан заҳарланиш сифатида фақат Намангандаги ҳолатни тан олди, холос.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов эса журналистлардан бу мавзуда чуқурлашмасликни сўради. Аммо QALAMPIR.UZ вазирнинг бу тавсиясига амал қилмоқчи эмас. 

Хўш, “қош қўяман деб кўз чиқарган” масъуллар йод билан боғлиқ масалада қандай хатоларга йўл қўйди? Умуман олганда Ўзбекистон шароитида йод истеъмоли қай даражада муҳим? Мазкур саволларга жавоб олиш учун таҳририят журналисти Америка Қўшма Штатларидаги Глобал фармацевтика корхонасида катта тиббий маслаҳатчи сифатида фаолият юритувчи тиббиёт фанлари номзоди Зиёдулла Кушимовдан интервью олди.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистон йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабли болаларда йод танқислигининг олдини олиш мақсадида бундай препаратларнинг тарқатилишини тўғри қарор, деб ҳисоблайди. Аммо бу қарорни ижро этишда тегишли муассасалар хатога йўл қўйган.

“Йод препарати бўладими, ёки бошқа дори воситалари ҳар бир одамга индивидуал тарзда ёндашиш керак. Чунки ҳар бир инсоннинг организми, иммун тизими ташқаридан кираётган ҳар бир моддага ҳар хил шаклда жавоб беради. Демак инсон организми ўзига кираётган ҳар бир препарат, ёки дори-дармонни ёт модда сифатида қабул қилади. Ўзбекистонда йод моддасини ёппасига беришдан олдин, аввало, болалар текширилиши, тиббий кўрикдан ўтказилиши керак. Балки болаларда гипертиреоз бордир? Ёки яширин гипертиреоз жараёни кечаётгандир. Буни аниқлаш керак эди. Агарда буни аниқламасдан йод препарати берилса, у бола организмига қарши ишлай бошлайди”, деди мутахассис.

Кушимов АҚШда бундай ҳолатлар сира кузатилмаслигини, давлат бундай жиддий хатоларга йўл қўймаслиги сабабини тушунтирар экан, болаларга ҳар қандай дори воситаси берилишидан олдин, биринчи навбатда ота-оналар бундан огоҳлантирилишини айтди.

“Масалан мен АҚШда, ёки бошқа ривожланган мамлакатларда маълум дори воситасини ёппасига бериш ҳолатини кузатганим йўқ. АҚШда болага дори беришдан аввал ота-онасига хат юборилади. Унинг розилиги сўралиб, ҳужжатга қўл қўйдирилади. Ҳа, Қўшма Штатларда ҳам доридан заҳарланиш ҳолати учраб туради. Аммо шифокорлар кўрсатмаси, давлат тасдиқлаган рўйхат асосида берилган дорилар, унда дозанинг ошиб кетиши сабаб эмас, ноқонуний дорилардан келиб чиқади. Наркотик моддалар ёки инсон асаб тизимига салбий таъсир кўрсатадиган ўтларни истеъмол қилиш оқибатида заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Бундай ҳолатларнинг барчаси заҳарланишларни рўйхатга олиш марказлари томонидан қайд этилиб, унга қарши кураш чоралари олиб борилади”, дея бошқа мамлакатлар тажрибаси билан ўртоқлашди Кушимов.

Шунингдек, у бошқа ривожланган мамлакатларда агар шундай ҳолатлар кузатиладиган бўлса, масъул шахслар аяб ўтирилмаслигини ҳам қўшимча қилди.

“Агар қайсидир жойда ёппасига дори бериш ҳолати кузатилса, аввал у нима учун исботлаб берилмаганига, дори препаратларини беришдан олдин текширувдан ўтказилган, ё йўқлигига, буларни назорат қилишга ким масъул ва жавобгар экани аниқланади. Бу бирон бир шифокорга келиб тақалса, у маълум вақтгача амалиёт билан шуғулланишдан четлатилади. Агар ўлим ҳолати юз берадиган бўлса, уларнинг даволаш бўйича лицензиялари олиб қўйилади. Ҳатто шундай ҳолатлар бўлганки, баъзи шифокорлар 10-20 йил давомида яширин тарзда зарур бўлмаган вазиятда ҳам қўшимча дори ёзиб келгани учун лицензияси бекор қилиниб, қамоққа олинган”, деди Глобал фармацевтика корхонаси катта тиббий маслаҳатчиси.  

Бундан ташқари, у Ўзбекистон тиббиётидаги энг катта муаммо сифатида тизимда назорат йўқлигини келтирди.

“Олдинлари дорихоналар кам эди. Ҳозир эса дорихоналар ҳам, хусусий шифохоналар ҳам кўпайиб кетган. “Аптека”лар ўзлари сотаётган дорининг жавобгарлиги зиммасида эканини ҳис қилиб туриши керак. Дорининг ножўя таъсирини сезган одам тўғридан-тўғри дорихонага шикоят қилиши керак. Уларда махсус иловалар бўлиб, салбий таъсирлар қайси доридан кузатилаётганини қайд этиб бориши зарур. Шунга қараб давлат дорини рўйхатдан чиқаради ёки савдосини тўхтатади. АҚШда бу тизим аллақачон бор. Аммо Ўзбекистон ҳалигача бундай тизимга ўтолмаяпти”, деб тушунтирди Зиёдулла Кушимов.

Қолаверса, тиббиёт фанлари номзоди Ўзбекистонда эндиликда 2-10 ёшли болалар ичак гельминтиоздан оммавий даволаниши бўйича ҳам фикр билдириб, бу собиқ иттифоқ давридан қолиб кетган чора эканини, ҳозирги даврда бу шаклда иш қилиб бўлмаслигини билдирди.

Мутахассис билан интервьюнинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ Иноятов йод Кушимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made