Қирғизистонликлар Жапаровдан ҳақорат учун узр сўрашни талаб қиляпти
Олам
−
20 Июль 2023
31791Аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзи учун барпо этилаётган янги “Оқ уй”нинг қурилиши кечиккани учун қирғиз ишчиларини дангасаликда айблаганди. Унинг бу сўзларига Аида Сасибаева исмли мамлакат фуқароси эътироз билдириб, қирғиз халқидан кечирим сўрашини талаб қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида ёзган.
“Садир Жапаров, менинг исмим Аида Сасибаева. Мен Қирғизистон фуқаросиман. Яқинда халқим ҳақида айтган гапларингиз менга ёқмади. Қирғизларни дангаса дедингиз. Бу менинг миллий қадр-қимматимни камситади ва сиздан кечирим сўрашни талаб қилмоқчиман. Ўз эътирозингиз, баёнотингиз билан юртим ва халқим обрўсига путур етказяпсиз. Бошқа мамлакатларда бундай камситувчи тавсиф туфайли, биз ҳақимизда нохуш фикр пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бундай заҳарли муносабат болаларга салбий таъсир қилади. Болаларнинг ўзлари, ота-оналари, қариндошлари ва бутун халқи ҳақидаги тасаввурларини бузади”, дейди Сасибаева.
У агар Президент узр сўраб чиқмаса барча ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилишини айтган.
“Иш ташлаш бутун мамлакат бўйлаб тарқалади. Ташкилот ва корхоналарда уларнинг талабларини қондириш мақсадида ишлар тўхтатилади. Ҳозирча биргина талабимиз бор – сиздан оммавий узр сўраш. Бу сиёсий ёки мудофаа зарбаси эмас. Бу маданий иш ташлашдир. Айтганча, иш ташлашнинг табиати “Италия”, “Польша” ва “Миср” деб аталадиган иш ташлашлардан фарқ қилади. Бу қирғизларнинг зарбаси бўлади. Корхона ва ташкилотлар ходимлари ўзларини айнан сиз таърифлаганингиздек тута бошлайди. Яъни: ишга 2 соат кечикиш, ишдан 1 соат олдин чиқиб кетиш, жума куни умуман чиқмаслик ва душанба куни тушликкача қолиш. Мен ҳам ушбу акцияда иштирок этиш ниятидаман. Сиз бизни “жалкоо эл” (дангасалар) деб атагансиз. Биз мана шундай аниқ иш ташлашни ташкил қилиш орқали сизларга “дангаса халқ” нима эканини кўрсатиб қўямиз”, дейди Аида Сасибаева.
Эслатиб ўтамиз, бу Қирғизистонда ҳокимият вакилининг ишчилардан нолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров янги “Оқ уй” қурилишига ишчилар етишмаслигидан шикоят қилган эди.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 15 апрелида Бишкекдаги “Иссиқкўл” меҳмонхонаси ўрнида янги Президент саройи қурилишига старт берилди. Бинонинг умумий майдони 21 минг квадрат метрни ташкил этади. Объектнинг қиймати 35 миллион доллар. Аввалига ушбу бино қурилиши 2023 йилнинг 31 августигача тугаши ваъда қилинган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15