Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Бу таклифни давлат раҳбари кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида билдирди.

Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида Ўзбекистон глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини айтиб ўтган. Хусусан, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бош мақсад – 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир. 

Иқтисодиётни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш экани билдирилган.

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

“Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман”, дейди Ўзбекистон етакчиси.

Қайд этилишича, йиғилиш иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган натижаларга қаратилган.

“Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг оқибатида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди”, дейди давлат раҳбари. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ижтимоий ҳимоя

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made