Халқ банки “хизмати ҳақи”ни пенсионерлар тўлайдими?

Жамият 6119
image

Бугунги кунда Ўзбекистонда пенсия ва нафақаларини нақд пулда олишни истаган фуқароларга тўловлар Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур тўловлар белгиланган графикларга мувофиқ ҳар ойнинг 27 санасига қадар фуқароларга етказилиши таъминланмоқда.

Айниқса, республикада коронавирус пандемияси шароитида пенсия ва нафақа тўловларини Халқ банки сайёр кассалари томонидан санитария қоидаларига риоя қилинган ҳолда фуқароларга уйма-уй етказиш чоралари кўриб борилмоқда. Ҳалол ишлаётган банк ходимлари таҳсинга лойиқ.

Аммо сўнгги вақтларда Халқ банки сайёр кассалар томонидан пенсионерлардан “хизмат ҳақи” талаб этилаётганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда, деб ёзмоқда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси.

Жамғарма маълумотига кўра, Халқ банки Тойлоқ тумани филиали ходимлари томонидан “Қўрғонча” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Д нинг пенсия миқдоридан ҳар ой “хизмат ҳақи” учун 4 000 сўм чегириб қолаётганлиги аниқланган.

Худди шундай, Ургут тумани “Ўроқбойжар” маҳалласида яшовчи фуқаро О.О ҳам пенсия пулидан банк ходимлари ҳар ойда 3 000 - 5 000 сўм олиб қолишларини маълум қилган. Фуқаро банк ходимидан нима учун пул олиб қолишини сўраганда банк ходими бу пул “хизмат ҳақи” эканлиги ва уни бензин учун ишлатилишини айтганлиги билдирилган.

“Албатта, иқтисодий муносабатларга асосланган ҳар қандай жамиятда бажарилган иш ёки сотиб олинган товар учун ҳақ тўланади. Бу қоидалардан ижтимоий таъминот, хусусан пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш соҳаси ҳам мустасно эмас”, дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентинининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2826-сон қарорига асосан пенсия ва нафақаларни етказиб берилганлиги учун Ҳалқ банкига тўланган сумманинг 1 фоизигача хизмат ҳақи тўланиши белгиланган.

“Ўз навбатида, Халқ банкининг фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказиш бўйича кўрсатаётган хизматларига Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойда хизмат ҳақи тўлаб келинаётганлигини маълум қиламиз.

Юқоридагиларга мувофиқ, жойларда пенсия ва нафақаларни етказишда хизмат ҳақи талаб этиш, тўлиқ миқдорда берилмаслик ёки тўловлардан бошқа чегирмалар амалга ошириш таъқиқланганлигини маълум қилган ҳолда, бундай ҳолат аниқланса фуқаролардан Пенсия жамғармасининг 1140 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилишларини сўраймиз”, дея фуқароларга мурожаат қилган жамғарма.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 192
Рейтинг: 3
t
×