Халқаро жиноий суд вакили Исроилни огоҳлантирди
Олам
−
31 Октябрь 2023
15545Исроил томонидан "блокада"га олинган Ғазодаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказишга тўсқинлик қилиниши Женева конвенциясига кўра Халқаро жиноий суд (ХЖС) ваколатидаги ҳарбий жиноят деб топилиши мумкин. Бу ҳақда ХЖС прокурори Карим Хон маълум қилди.
Карим Хон, шунингдек Исроил ғазоликларнинг озиқ-овқат, дори-дармонлар билан таъминланишига тезроқ рухсат бериши кераклигига тўхталган.
"Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ талабига кўра, Ғазодаги тинч аҳоли вакилларини озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминланишига тақиқ қўймаслиги шарт. ҲАМАС билан уруш олиб бораётган мамлакатнинг аниқ мажбуриятлари бор, улар шунчаки ахлоқий эмас, балки ҳуқуқий мажбуриятлардир (уруш вақти риоя қилиш лозим бўлган конвенциялар, қонунлар). Айни пайтда, бу тамойиллар ҲАМАСга ҳам тегишли", деган прокурор.
Маълумот ўрнида, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган ва минтақадаги 2,3 миллион аҳолини озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилган.
БМТ етакчилигидаги халқаро ташкилотлар Ғазо гуманитар инқирозга юз тутгани, вазият кундан кунга оғирлашиб бораётганидан хавотир билдирган.
Ҳозирга қадар Мисрнинг Рафаҳ чегара пости орқали Ғазога бир неча ўн машинада гуманитар кўмак киритилган. Аммо бу қамалдаги аҳоли эҳтиёжларининг мингдан бирига ҳам етмайди.
Миср эса гуманитар ёрдамнинг етказилишига Исроил рухсат бермаётганини айтган.