Халқаро жиноий суд икки россиялик қўмондонни ҳибсга олишга ордер берди
Олам
−
06 Март
9408Халқаро жиноий суд россиялик юқори мартабали қўмондонлар Сергей Кобилаш ва Виктор Соколовни Украинадаги ҳарбий жиноятларда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда кеча, 5 март куни суд баёнот берди.
Гаагада жойлашган Халқаро жиноий суд юқоридаги гумондорларни “камида 2022 йилнинг 10 октябридан 2023 йилнинг 9 мартигача бўлган даврда ўз қўмондонлиги остидаги кучлар томонидан Украина электр инфратузилмасига уюштирилган ракета ҳужумлари учун жавобгар бўлган, деб ҳисоблаш учун асослар борлигини айтди.
58 ёшли Кобилаш гумон қилинаётган жиноятлар вақтида Россия Ҳарбий-ҳаво кучларида узоқ масофали авиация қўмондони бўлган. 61 ёшли Соколов эса айбловлар тегишли бўлган даврда Қора денгиз флоти қўмондонлигида адмирал бўлган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ХЖС қарорини олқишлади.
“Украинадаги тинч аҳолига ва муҳим инфратузилмага ҳужум қилишни буюрган ҳар бир россиялик қўмондон билиши керакки, адолат қарор топади. Бундай жиноятларда айбдор бўлган ҳар бир киши билиши керакки, улар жавобгарликка тортилади”, деб ёзди у Х'даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг март ойида ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани украиналик болаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳарбий жиноятларда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь