Халқаро суд Исроилдан Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатишни талаб қилди
Олам
−
24 Май
3755Халқаро суд Исроилнинг фаластинликлар учун хавф туғдириши мумкин бўлган Рафаҳдаги ҳарбий ҳужуми ва бошқа фаолиятини зудлик билан тўхтатиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.
Суд Исроил геноцид ҳақидаги даъволарни текшириш учун Ғазо секторига киришни таъминлаши ва гуманитар ёрдам етказиб бериш учун секторнинг Миср билан чегарасида назорат пункти очиши керак деган қарорга келди.
Тегишли қарор Исроилни геноцидда айблаган Жанубий Африка апелляцияси доирасида 15 нафар судья томонидан қабул қилинди. Ҳужжатни улардан 13 нафари қўллаб-қувватлади. Суд қарорига кўра, Исроил бир ой ичида кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот бериши керак.
Исроил Бош вазири идораси суд қарори эълон қилинганидан сўнг Биньямин Нетаньяху вазирлар билан маслаҳатлашувлар ўтказаётгани ҳақида маълум қилди. "Reuters" агентлигининг қайд этишича, Исроил суд қарорини эътиборсиз қолдириши мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил декабрь ойининг охирида Жанубий Африка Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Исроилни Ғазо секторидаги "ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги" билан фаластинликларга қарши "геноцид"да айблаганди. Исроил бу айбловларни рад этди ва халқаро қонунларга мувофиқ ҲАМАСга қарши уруш олиб бораётганини даъво қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилган эди. Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган. Шундан сўнг Исроил ва ҲАМАС ХЖС прокурорининг талабини қоралади. АҚШ Президенти Жо Байден эса Карим Хоннинг Нетаньяху ва Галлантни ҳибсга олишга ордер беришни сўраган баёнотини қоралади. Франция эса ордер бериш ҳақидаги илтимосни қўллаб-қувватлади.
LiveБарчаси