Халқаро кузатувчилар Ўзбекистондаги сайлов ҳақида нима дейди?

Жамият 6520
image
-

Бугун, 24 октябрь куни Ўзбекистонда президентликка сайловлар бўлиб ўтяпти. Бу сайлов аввалгиларидан фарқли ўлароқ 5 партиядан номзодлар ўзаро курашга киришган. Сайлов жараёнини қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари кузатиб бормоқда.

Расмий статистикага кўра, сайловни жами мингга яқин халқаро кузатувчи кузатиб боряпти. Ушбу кузатувчилар Европа Иттифоқи, Европа парламенти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий тилли давлатларнинг Парламент Ассамблеяси, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти, Осиё Парламент Ассамблеяси каби ташкилотлар ва ўндан ортиқ давлатлардан келган. QALAMPIR.UZ баъзи кузатувчиларнинг бугунги сайлов ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Покистондан келган кузатувчи Сафер Ҳусайн Шоҳ: Бу менинг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларда тўртинчи марта иштирок этишим. Дастлаб, 2014 йил бўлган Парламент сайловларида, кейин 2015 ва 2016 йилда бўлиб ўтган Президент сайловларида иштирок этганман. Бу сафарги сайловларнинг бошқаларидан фарқи шундаки, унда замонавий технологиялардан юқори даражада фойдаланишган.

Латвиядан келган кузатувчи Алвис Эглитс: Ўзбекистондаги сайловда камчилик кўрмадим. Агар Латвия билан солиштирадиган бўлсак ҳам деярли бир хил. Асосийси сайловда турли хил талотўп ва намойишлар кузатилмади. Умид қиламанки, ушбу сайловда президентликка лойиқ номзод ғалаба қозонади.

Покистондан келган кузатувчи Рамзан Муҳаммад: Ўзбекистондаги сайловларда илк бор иштирок этишим. Айтишим мумкинки, мамлакатнинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев халқ ҳаёти яхшиланиши ва мамалакат ривожланишида катта ишлар қилмоқда. Айни шу жиҳати учун халқ уни яхши кўради.

Қозоғистондан келган кузатувчи Закиржан Кузиев: Пандемиядан сўнг, бундай сайловни ўтказиш осон эмас, лекин Ўзбекистон бунинг уддасидан чиқди. Аввалари сайловларда кўпроқ катта ёшдагилар қатнашарди, ҳозир эса кўриб турганимдек ёшлар фаол. Барча номзодларнинг дастури ўзига яраша кучли, бироқ Шавкат Мирзиёевники кўпроқ маъқул келди. Менимча, Президентни ўзгартириш шарт эмас.

Хитойдан келган кузатувчи Юсуке Яги: Сайловни ташкиллаштириш ишлари мени қониқтирди. Номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишдим, аввал қилган ишларини ўргандим. Айниқса, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди шиорлари маъқул келди. Мен сайлов олдидан номзодлар  ўртасида дебат қилиш керак деб ўйлайман. Шунда номзодларнинг қилмоқчи бўлган ишлари, эпчиллиги ва ниятларини сайловдан олдин билиб олиш мумкин. Ўйлайманки, халқ ўзига маъқул номзодга овоз беради.

Туркиядан келган кузатувчи Аккан Сувер: Бу биз келаётган тўртинчи сайлов участкаси. Одамларнинг жўшқинлик билан овоз бериш учун келаётганини кўряпман. Бу сайловлар Ўзбекистон келажаги учун янги саҳифа очишига ишонаман. Одамларнинг сайловларда ўз хоҳиши билан келаётгани жуда муҳим.

Маълумот учун, овоз бериш жараёни бугун соат 20:00 гача давом этади. Хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш маҳаллий вақтга кўра якунланади. Соат 13:00 ҳолатига кўра 10 462 575 нафар сайловчи (52,7 фоиз) овоз берди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 216
Рейтинг: 3
Теглар
t
×