Халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик АҚШдан экстрадиция қилинди
3-саҳифа
−
03 Июнь 9569 1 дақиқа
Ўзбекистон Интерполининг Миллий марказий бюроси кўмагида Америка Қўшма Штатларида қидирувдаги шахснинг жойлашган ўрни аниқланиб, у ўз юртига қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг ахборот кўмаги ҳамда АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси билан яқин ҳамкорлиги туфайли мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган ва мамлакатдан чиқариб юборилган.
Ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисмида назарда тутилган ўта йирик миқдордаги фирибгарлик содир этганликда айбланаётган бўлган.
“Ўзбекистон Интерпол ММБ ходимлари ва АҚШнинг ваколатли органлари ўртасида ўтказилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ҳамда ўзаро маълумотлар алмашиш натижасида Америка томони билан ҳамкорликда қидирув эълон қилинган шахсни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходимлари кузатувида у Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга келтирилган ва кейинчалик жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳрида Қозоғистон ҳудудида жуда катта миқдордаги фирибгарликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг сўровига биноан Россия томони гумонланувчини экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.