Халқаро эчкилар кунини нишонлаш ҳақидаги таклиф маъқулланди

Бу қизиқ

image

БМТ Бош Ассамблеяси Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифини инобатга олиб, 24 майни Халқаро морхўр куни сифатида нишонлашга қарор қилди. Бу ҳақда "Ховар" ахборот агентлиги хабар берди.

"Халқаро морхўр кунини эълон қилиш тўғрисидаги резолюция ҳомийлари – Афғонистон, Венгрия, Исроил, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондир", дейилади агентликнинг хабарида.

Қайд этилишича, ушбу ноёб жонзотнинг омон қолиши учун энг катта таҳдид яшаш жойини йўқотиш, ноқонуний ов қилиш, жумладан браконьерлик ва иқлим ўзгариши бўлиб қолмоқда.

Қарорга кўра, 24 май – Халқаро морхўр кунида мамлакатлар ва ташкилотлар ушбу муҳим кичик турни асраб-авайлашга қаратилган тадбирлар ўтказиши лозим. 

Маълумот учун, морхўр (Capra falconeri) – Ўзбекистон ва халқаро "Қизил китоб"ига киритилган, тоғ эчкилари уруғига мансуб ноёб ҳайвон тури ҳисобланади. Мазкур ҳайвон турини нобуд қилиш Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Тоғ эчкилари оиласига мансуб морхўр номи форсча мор - "илон" ва хўр - "емоқ" сўзларидан олинган. Нима учундир маҳаллий аҳоли морхўрлар илонларни қидириб топади ва уларни ейди, дея ишонишган. Шу сабабли маҳаллий аҳоли илон чаққан одамга морхўр гўшти даво бўлади, дейишган. Албатта бу афсонанинг ҳеч қандай илмий исботи йўқ бўлиб, морхўрлар ҳам фақат гиёҳлар, ўт-ўланлар билан кун кўрадилар. Илон эса, барча афсоналарга зид ўлароқ, унинг озуқа рационига кирмайди.

Морхўрлар шимолий ва шимолий-ғарбий Ҳиндистон, жанубий-шарқий Эрон ва Афғонистонда тарқалган. Ўзбекистонда Кўҳитанг ва Боботоғда учрайди. Қоя тошли тик тоғ ён бағирларида яшайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон БМТ Халқаро морхўр куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг