Президент энергетика, кадастр ва бошқа соҳалардаги камчиликларни танқид қилди
Жамият
−
02 Декабрь 2019
8946Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги кунда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш – энг устувор вазифа, замон билан ҳамнафас бўлишнинг муҳим шарти экани таъкидланди.
Бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, тенг рақобат муҳитини шакллантириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, энергия тежамкорлигини ошириш каби муҳим йўналишлар бўйича ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бизнес субъектларига зарур шароитлар яратилди.
Лекин ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини етарли даражада топмаяпти. Йиғилишда турли соҳаларда йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, тегишли раҳбарларнинг фаолияти кескин танқид остига олинди.
Масалан, энергетика тизимидаги йўқотишларни кескин камайтириш, сотилган электр қувватининг ҳисобини тўғри юритиш ва дебитор қарздорликни қисқартириш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти.
Давлатимиз раҳбари таъкидланидек, табиий газни қазиб олиш, транспортировка қилиш ва тақсимлашда ҳаққоний ҳисобга олиш тизими мавжуд эмас. Айниқса, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Сўнгги 3 йилда кадастр соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳам қабул қилинган 10 тага яқин қарор ҳалигача тўлиқ ишлаб кетгани йўқ. Масалан, ер ажратишнинг онлайн аукцион тизими ҳанузгача жорий этилгани йўқ, кадастр маълумотларини рақамлаштириш ишлари якунланмаган. Ҳозирга қадар ерга бўлган ҳуқуқнинг янги шакли ва уни беришнинг очиқ-ошкора механизмлари ишлаб чиқилмади.
Қурилиш соҳасида бугунги кунга қадар эски стандарт ва меъёрлар сақланиб қолмоқда, деди давлатимиз раҳбари. Янги инновацион ечимлар ва лойиҳалар устида ишловчи мутахассислар тайёрлашга умуман эътибор берилмаяпти.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилишга рухсатномалар бериш ва келишиш жараёнлари қоғоз шаклида амалга ошмоқда. Мутасадди ташкилотларда ўзаро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Йиғилишда транспорт соҳасидаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Мисол учун, юк ташиш тарифларининг юқорилиги боис маҳсулотлар таннархи баландлигича қоляпти. Аҳолига қулай ва арзон транспорт хизматлари кўрсатиш талаб даражасида эмас.
Халқаро таълим стандартларини жорий этишга етарли эътибор қаратилмаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Президент таъкидланидек, профессор-ўқитувчилар малакасини баҳолаш мезонлари замон талабларига мос келмайди.
Бундай нуқсонларни банк-молия, солиқ, рақамли иқтисодиёт, коррупцияга қарши кураш каби бошқа соҳаларда ҳам кузатиш мумкин.
Жаҳон банкининг хулосасига кўра, иқтисодиётимизда давлат улуши ҳанузгача юқорилигича қолмоқда ва бугунги кунда 50-55 фоизни ташкил этади.
Шу муносабат билан, сўнгги уч йилда қабул қилинган қарорлар ижросини танқидий баҳолаш орқали “оқсаётган” 13 та муҳим йўналишда тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқишга масъул бўлган ишчи гуруҳлар тузилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ишчи гуруҳлар томонидан жорий йил 20 декабргача амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб берди.
Аввало, кўрсатилган ҳар бир тармоқ бўйича сўнгги уч йилда қабул қилинган ҳужжатларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг ҳаётга жорий этилиш ҳолатини танқидий ўрганиш кераклиги таъкидланди. Чунки айрим қарорларда ўрнатилган тартиблар амалда қўлланилмаяпти. Масалан, Жаҳон банки экспертларининг фикрича, Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасидаги 97 ислоҳотдан 24 таси тўлиқ жорий этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев қарорларда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолатини танқидий таҳлил қилиш, бунга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаб, уларни ҳар бир соҳа, йўналиш ва ҳудуд кесимида ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Мутасаддиларга 2020 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, уларнинг масъул ижрочилари, аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини кўрсатган “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу ҳужжатларда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қилинадиган ишлар ҳамда келгуси йили эришиладиган марралар ўз аксини топади.
Ислоҳотларни жадаллаштириш ва “йўл хариталари” ижросини сифатли таъминлаш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича “лойиҳа офислари” ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тузилмаларнинг асосий вазифаси муайян чора-тадбир бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишдан иборат бўлади.
Белгиланаётган ишлар ижросини сифатли ташкил этишга кенг жамоатчилик, тадбиркорлар, халқаро молия институтлари мутахассислари, хорижий экспертларни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш харажатларини ва маҳсулот таннархини камайтириш, шу орқали рақобатбардошлигини ошириш 2020 йилги энг устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.
Тармоқлар раҳбарлари асосий эътиборни инвестицияларнинг самарадорлигига қаратиши муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ислоҳотлар ижроси сўзсиз таъминланиши учун шундай назорат тизими белгиландики, унга мувофиқ, Ўзбекистон Бош вазири ҳар икки ҳафтада ишчи гуруҳлар томонидан бажарилган ишлар, аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ишлаб чиқилган таклифларни муҳокама қилиб боради. Масъул соҳа раҳбари ҳар ой аниқ бир ҳудуд мисолида бажарилган ишлар ва уларнинг натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасида тақдимот ўтказади. Мақсадли индикаторларни таъминламаган раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги кўриб чиқилади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича ишчи гуруҳлар раҳбарлари ва уларга бириктирилган масъулларнинг ахбороти тингланди.