Келгуси ўн йиллик Ўзбекистон ва Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун атроф-муҳитни тиклаш йили бўлади
Интервью
−
24 Сентябрь 2020
5354Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 23 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясидаги нутқида яна бир бор бутун дунё мамлакатлари раҳбарлари ва сиёсатчилари эътиборини Орол денгизи масаласига қаратиб, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлашни таклиф этган.
Айни вақтда Президент Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида билдирган ўндан ортиқ таклифлари давлат ва сиёсат арбоблари, халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Барқарор инвестициялар бўйича Катта Париж альянси президенти Никола Бушу ҳам Ўзбекистон раҳбарининг Орол денгизи билан боғлиқ таклифлари аҳамиятини эътироф этди. Жумладан у шундай дейди:
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст жамғармаси ташкил этилганига икки йил тўлди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини "Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" деб эълон қилиш бўйича махсус резолюцияни қабул қилиш ҳақидаги Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси кўп жиҳатдан муҳим экани билан ўз вақтида илгари сурилди, дейиш мумкин. Чунки бу – Ўзбекистоннинг минтақани тиклаш бўйича узоқ муддатли фаолиятини англатади. Инновациялар, биологик хилма-хиллик ёки камбағалликни камайтириш билан боғлиқ масалалар резолюцияда бир вақтнинг ўзида кўриб чиқилмоқда.
Кейинги қадам, шубҳасиз, ушбу резолюцияни қабул қилиш бўйича музокаралар бўлади. Ишончим комилки, бугун бизга Орол денгизи минтақасини янада ривожлантиришга ҳисса қўшадиган шундай кучли ёндашув зарур.
Фикримча, ушбу резолюцияни амалга оширишда уч томонлама имконият мавжуд.
Биринчидан, жорий йил биологик хилма-хиллик учун муҳим йил ҳисобланади. Боиси биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаб қолиш билан боғлиқ протокол 2020 йилдан кейинги муддат учун қайта кўриб чиқилмоқда. Шубҳасиз, Орол денгизи масаласи ва унга тегишли чоралар ушбу нуқтаи назардан мазкур йўналишга тўлиқ мос келади.
Иккинчидан, COVID-19 пандемияси инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадларини имкон қадар тезкор бажаришга чақириқдир. Бунга сув ресурсларидан фойдаланиш, озиқ-овқат таъминоти, барқарор шаҳарлар учун инфратузилмани ривожлантириш кабилар киради. Таълимни ривожлантириш ва камбағалликни камайтириш Орол денгизи минтақасини тиклашнинг устувор йўналишларига киритилган.
Учинчидан – шаҳарлар ривожланишига бўлган эътибор. Мўйноқ ёки Нукус бўладими, менинг фикримча, уларнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар миллий ва халқаро стратегия доирада ҳал этилиши керак. Бу нафақат ушбу шаҳарлар учун муҳим, балки автомобиль ва темир йўл транспорти, энергетика соҳаларида, ва, албатта, тупроқ шўрланиши, қурғоқчилик ва денгизнинг қуриши таъсирида бўлган қишлоқ жойларини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта аҳамият касб этади. Энг муҳими, ушбу масалаларнинг барчаси ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон раҳбари томонидан яхлит кўриб чиқилмоқда.
Ўтган йилнинг октябрь ойида БМТ шафелигида ўтказилган “Оролбўйи – экологик инновация ва технологиялар ҳудуди” мавзусидаги халқаро конференциядан сўнг Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббусига биноан янги ривожланиш босқичига гувоҳ бўлдик. Ишончим комилки, келгуси ўн йиллик Ўзбекистон ва Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун атроф-муҳитни тиклаш йили бўлади”.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, дунё ҳамжамияти эътиборини Орол ҳалокатига қаратган эди.
Давлат раҳбари денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётганлигини таъкидлаганди.
Унинг ташаббуси билан 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси ташкил этилди.