Келаси йилдан маданият ва санъат ходимлари маоши оширилади
Жамият
−
22 Ноябрь
43512025 йилдан бошлаб маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорлари оширилади. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимотида сўз боради.
Қайд этилишича, 2025-2030 йилларда театрларда “Миллий қаҳрамон” ва “Инсон қадри учун” мавзуларида 32 та туркум спектакллар яратиш таклиф этилмоқда. Саҳна асарларини яратишда ижодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, драматургия ва режиссёрликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, театр драматурглари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларни таъсис этиш, “Нигоҳ” ижодий лойиҳасини йўлга қўйиш, миллий академик мусиқа санъати бўйича композиторлар танловини ўтказиш таклиф этилди.
Маданият ва санъатнинг таълим билан узвий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, талабаларнинг театрларда амалий машғулотларини кенгайтириш, театр соҳасига оид илмий-тадқиқот ишига буюртмалар бериш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Театр актёр ва режиссёрлари, театршунос ва санъатшуносларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилади. Театр танқидчилари ва драматурглар клуби ташкил этилиб, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланади. Ҳар йили нодавлат театрларга ҳам давлат буюртмаси берилади.
Умумий ва олий таълим муассасаларида ҳаваскор театр жамоалари тузилиб, улар ўртасида танловлар ўтказилади. Ёшларни театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи “Театр – ибратхонадир” дастури амалга оширилади.
Келгуси йилдан Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади. Ҳудудлардаги театр бинолари мукаммал таъмирланиб, замонавий технологиялар асосида модернизация қилинади. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига “академик” мақоми берилади.
“Бундан ташқари, тақдимотда соҳа вакилларини рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилдан бошлаб маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорлари оширилиши белгиланди”, дейилади хабарда.
Моддий манфаатдорлик ходимнинг иш самарадорлиги (KPI) кўрсаткичларига боғланади. Унда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, айниқса, олис ҳудудларга гастроллар уюштириш, янги асарлар яратиш, иқтидорли ёш ижодкорларни излаб топиш каби мезонлар инобатга олинади.
Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ходимларининг иш ҳақлари оширилиб, муносиб моддий рағбатлантирилади. Оркестр жамоаси томонидан давлат буюртмаси асосида ҳар йили янги мусиқий асарлар яратилади, маҳоратли дирижёр, оркестр ижрочиларининг маҳорат мактаблари фаолияти йўлга қўйилади. Оркестр жамоасининг юртимиз ҳудудлари ва хорижий гастроль сафарлари ташкил этилади, йирик корхона ва ташкилотлар ходимлари учун концерт намойишлари ташкил этилади.
“Шу билан бир қаторда, давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат таълимини янги босқичга кўтариш масалалари бўйича ҳам алоҳида топшириқлар берилди. Хусусан, иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш, саралаш ва ўқитиш бўйича яхлит тизим яратиш, шунингдек, умумий ўрта, мактабдан ташқари, касбий, олий таълим ташкилотлари ҳамда маданият ва санъат тизимидаги таълим муассасаларида ўқув режалари ва дастурларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилди”, дейилади хабарда.