Келаси ҳафтада Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар қайта бошланади

Олам

image

Келаси ҳафтада ҲАМАС ва Исроил расмийлари ўртасида Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишув тузиш учун билвосита музокаралар тикланиши кутилмоқда. Бу ҳақда исми ошкор этилмаган мансабдор шахсга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор Исроил разведка хизмати “Моссад” раҳбари Девид Барнеа, Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уилям Бёрнс билан Парижда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг қабул қилинган.

“Учрашув якунида воситачилар Миср ва Қатар томонидан илгари сурилган янги таклифлар ва АҚШнинг фаол иштироки асосида келаси ҳафта музокаралар бошланишига қарор қилинди”, дея расмийнинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.

Аввалроқ “Axios” портали мухбири Барак Равид исмини ошкор этмаган америкалик мулозимга таяниб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари, “Моссад” раҳбари ва Қатар Бош вазири 24 май куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Парижда учрашув ўтказиши ҳақида хабар берган эди.

“Бёрнс Мисрдаги ҳамкасби билан ҳам алоқага чиқиб, ҲАМАС билан янги келишувга эришиш имкониятларини муҳокама қилмоқда”, дейди манба.


Бёрнс Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш мақсадида Исроил ва ҲАМАС билан алоқаларда АҚШ томонидан энг фаол иштирок этади. Марказий разведка бошқармаси ва “Моссад” раҳбарлари сўнгги ойларда бундай учрашувларни бир неча бор ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг