“Кел, ишла ва кет”. Россияда мигрантлар учун янги тизимга ўтилади
Олам
−
18 Сентябрь 37822 2 дақиқа
Россия хорижлик ишчиларни жалб қилиш бўйича ёндашувини ўзгартириб, қайтиш миграцияси моделига ўтмоқда. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников кеча, 17 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтган Бутунроссия меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш ҳафталигининг ялпи мажлисида маълум қилди.
“Агар биз ишчи кучи танқислиги шароитида ривожлансак, аниқки, шароитдан келиб чиқиб, биз мигрантларни жалб қилишимиз керак бўлади. Ҳа, албатта, керак. Аммо биз ҳали бошлаган жараённи якунлашимиз керак – миграцияга: кел, ишла ва кет деган тамойил бўйича ёндашамиз. Ҳаммаси адолатли: одамлар бошқа мамлакатлардан келади, пул топади, маош олади ва кетади. Бу ерда бизга оилалар керак эмас ва ҳеч ким (мактабларда) дарс беришга мажбур эмас. Шундай қилиб, бу жараён қурилмоқда, лекин менимча, ҳеч ким узоқ муддатли миграцияга жиддий таянишга тайёр эмас”, деди вазир.
Вазир, шунингдек, ҳозир асосий вазифа маҳаллий аҳолининг меҳнат унумдорлигини ошириш эканини маълум қилди. Максим Решетников бунинг учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилганини эслатиб ўтди, у иқтисодиётнинг имкониятларини ҳам ҳисобга олади.
Маълумот учун, Россия ҳукумати муҳожирларнинг мамлакатда қолиш қоидаларини мунтазам равишда кучайтириб боряпти. Шу билан бирга, алоҳида ҳудудлар ҳам ўз чекловларини жорий қилмоқда.
Масалан, 1 сентябрдан бошлаб Москва ва Москва вилоятида “Амина” мобил иловаси ёрдамида хориж фуқароларининг жойлашувини кузатиш бўйича тажриба дастури амалга оширилмоқда. Эндиликда визасиз мамлакатлардан келган мигрантлар телефонларига “Амина”ни ўрнатишлари шарт. Бу уларнинг яшаш жойи ҳақидаги долзарб маълумотларни ёзиб олишни ва уларнинг геолокациясига киришни таъминлашни талаб қилади. Ушбу талабни бажармаганлар рўйхатдан ўчириш ва назорат остидаги шахслар реестрига киритилиши мумкин.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь