Кавказ янги қарама-қаршиликни кўтара олмайди – Эрдўған 

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Баку ва Москва ўртасидаги кескинлик фонида Анқаранинг позициясини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 5 июль куни Озарбайжон сафаридан қайтаётганда самолётда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.

“Бизнинг энг катта истагимиз – бу қайғули ҳодисалар икки мамлакат муносабатларига тиклаб бўлмас даражада зарар етказмаслиги. Маҳаллий келишмовчиликларни юзага келган вазият доирасида ҳал этиш мумкин, бу борада хотиржамликни сақлаш ниҳоятда муҳим”, дейди Эрдўған.

Унинг фикрича, ҳар икки мамлакат ушбу инқирозни енгиб ўтиш учун етарли донолик ва тажрибага эга. Туркия эса бу борада можарони юмшатиш учун ташланаётган конструктив қадамлар тарафдори.

“Кавказ минтақаси янги қарама-қаршиликни кўтара олмайди”, дейди у.

Эрдўған, шунингдек, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан юзага келган вазият бўйича музокара ўтказганини айтган. У Алиевнинг вазиятга эҳтиёткорлик ва вазминлик билан ёндашаётганини, муросага тайёрликни сақлаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар июнь охирида Екатеринбургда бир гуруҳ озарбайжонликларнинг ҳибсга олиниши ортидан кескинлашди. Улар 2001, 2010 ва 2011 йилларда содир этилган икки қотиллик ва бир суиқасд бўйича тергов доирасида қўлга олинган. Бир нечта шахслар ҳибсда қолмоқда.

Шунингдек, икки гумонланувчи тергов жараёнида вафот этган. Россия Тергов қўмитаси улардан бири юрак етишмовчилигидан вафот этганини билдирган, иккинчисининг ўлими бўйича суриштирув давом этмоқда. Озарбайжон эса жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийноқ қўллаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган.

Шундан сўнг, Баку шаҳрида “ Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимлари ҳам ҳибсга олинди. Уларнинг бир қисми кейинроқ қўйиб юборилди, бироқ ижрочи директор Игор Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик ва пул ювишда айбланиб қамоққа олинган. Агентлик фаолияти тўхтатилган. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Дастлаб уларга Россия вакилларининг учрашувига рухсат берилмаган, кейинчалик Баку бунга ижозат берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг