Каспийдаги фожиа: Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони ҳибсга олинди
World
−
11:11 1362 3 minutes
Қозоғистонда аввалроқ Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони лавозимидан озод этилган Қанат Ниёзбеков ушланди ва суд қарори билан ҳибсга олинди. Каспий денгизидаги машғулотлар чоғида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши бўйича олиб борилаётган тергов доирасида унга хизматга совуққонлик билан қараш айблови қўйилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигига таяниб, “Sputnik Қозоғистон” хабар берди.
Қайд этилишича, Ниёзбеков машғулотлар пайтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани факти бўйича қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Суд санкцияси олингач, у ҳибсга олинган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жожиа жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида “Хазар қорғаны–2026” ҳарбий машғулотлари вақтида юз берганди. Об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви ва шамолнинг кучайиши сабабли 17 нафар ҳарбий хизматчи очиқ денгизда қолган. Уларнинг 3 нафарини қутқаришга муваффақ бўлинган, 14 киши ҳалок бўлган.
Юз берган ҳодиса бўйича оғир оқибатларга олиб келган хизматга совуққонлик билан қараш ҳамда кемада сузиш қоидаларини бузиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Фожиа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси тузилган. Тергов доирасида ИИВ илгари Мудофаа вазирлиги тизимининг беш нафар мансабдор шахси қўлга олингани ҳақида хабар берган. Улар орасида Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, иккита ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси командири ва катер командири бор. Ниёзбековнинг ҳибсга олинишини ҳисобга олганда, иш бўйича ҳибсга олинганлар сони ортди.
Фожиадан сўнг Президент Тўқаев Мудофаа вазирлигида комплекс текширув ўтказиш ва айбдор мансабдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берди. Идорада, шунингдек, қўмондонлик таркибининг жиноий совуққонлиги фактлари бўйича тергов давлат раҳбарининг назоратида экани билдирилди.
Ҳодиса фонида Мудофаа вазирлиги раҳбариятида кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинди. Мудофаа вазири Даврон Косанов, Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Бош штаб бошлиғи Қаниш Абубакиров, Мудофаа вазирининг ўринбосари Алмаз Жумакеев ва Ҳарбий-денгиз кучлари Бош қўмондони Қанат Ниёзбеков эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Илгари Махсус операция кучларига раҳбарлик қилган Айдос Мирзахметов янги Мудофаа вазири этиб тайинланди. Айтқурман Умарбеков эса Бош штаб бошлиғи бўлган.
Бундан ташқари, Қозоғистон Олий аудиторлик палатаси Мудофаа вазирлигида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги бўйича текширув бошлаган. Вазирликнинг янги раҳбариятига Тўқаев ҳарбий хизмат хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишни топширган.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар 27 сентябрь куни ҳарбий бурчини бажаришдаги фидойилик учун вафотидан сўнг Бауржан Момишули номидаги II даражали “Айбын” ордени билан мукофотланди. Омон қолишга муваффақ бўлган уч нафар ҳарбий хизматчи – матрослар Қуандиқ Бекет Бахтбек ўғли ва Темурхон Ақжол Темур ўғли, шунингдек, мутахассис-санитар инструктор Никита Удалов ҳам давлат мукофотларини олган.
Live
All