Касабланка, Мадрид ва Барселона ЖЧ–2030 финали учун курашмоқда
Спорт
−
23 Октябрь 1905 2 дақиқа
2030 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати финалига мезбонлик учун Касабланка, Мадрид ва Барселона шаҳарлари ўртасида кураш кечмоқда. Бу ҳақда Испания Қироллик футбол федерацияси (RFEF) президенти Рафаэль Лоузанга таяниб, “Onefootball” нашри хабар берди.
Лоузаннинг сўзларига кўра, 2030 йилги мундиаль финалини ўтказиш учун номзодлар рўйхати фақат шу учта йирик шаҳарга қисқартирилган. Бу баёнот Испания, Португалия ва Марокаш томонидан биргаликда ташкил этиладиган турнир тайёргарлигининг навбатдаги муҳим босқичи сифатида қайд этилди. Касабланканинг рўйхатга киритилиши ушбу мамлакатнинг мусобақани ўтказишдаги фаол иштирокини ва финал мезбонлигини қўлга киритишга бўлган кучли интилишини кўрсатади.
Энди учала шаҳар FIFA'ни ишонтириш учун ўз инфратузилмаси, техник имкониятлари ва ташкилий режалари бўйича таклифларини тақдим этади.
Мадрид томони ушбу ҳолат юзасидан “Сантьяго Бернабеу” стадиони атрофидаги ерости автотураргоҳ лойиҳасини амалга оширмоқчи эди, бироқ Мадрид Олий суди ушбу лойиҳани бекор қилганини маълум қилди. Шунингдек, RFEF президенти Рафаэль Лоузан “Бернабеу” стадиони атрофида инфратузилмани яхшилаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, 2030 йилги Жаҳон чемпионати финали ўтказиладиган шаҳар ҳақидаги якуний қарор FIFA томонидан кейинги йилларда, техник ва ташкилий таҳлиллар якунига етгач, эълон қилинади. Мадрид, Барселона ва Касабланка ўртасидаги бу рақобат нафақат спорт нуқтаи назаридан, балки иқтисодий ва имиж жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этади.