Карантин вақти “Олмалиқ КМК” олдида тумонат одам тўпланди. Комбинат ҳолатга изоҳ берди
Жамият
−
05 Ноябрь 2020
7915Кеча, 4 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Олмалиқ КМК” АЖ биноси олдида кўплаб фуқаролар тўплангани акс этган видео тарқалганди. Изоҳда тўпланганлар комбинатда ишга қабул бўлаётганини эшитиб, келгани айтилган.
ОКМК Ахборот хизмати ҳодиса бўйича қуйидагиларни маълум қилди.
“Олмалиқ шаҳрида корхона ташкилотлар, хусусан, ОКМК иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган. Ярмарка ўтказиш учун "Металлург" маданият саройи танланган эди. Бироқ, талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМКга ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжаланган жойда тиқилинч юзага келган”, дейилади муносабатда.
Шундан сўнг, зудлик билан шаҳар ҳокимлиги, ОКМК масъуллари меҳнат ярмаркасини мазкур маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган "Ёшлар боғи"га кўчирилган.
“Таъкидлаш жоизки, янги лойиҳаларнинг ўзлаштирилиши, қўшимча қувватларнинг ишга туширилиши ҳисобига ОКМКда яқин йилларда қарийб 10 минг нафар қўшимча иш ўрнига эҳтиёж кутилмоқда. Бугунги кунда босқичма босқич бу иш ўринларига ходимларни саралаш ишлари бошланган”, дея изоҳ берилади иш ўринлари ҳақида.
Комбинат маъмуриятининг маълум қилишича, бугунги ҳолат юзасидан тегишли мутасаддилар қатъий огоҳлантирилган. Иш берувчи томонидан ўтказиладиган меҳнат ярмаркаси талабларига мувофиқ, ихтисосликлар бўйича, навбати билан ишга қабул жарёнини ташкил этилиши бўйича топшириқ берилган.
“ОКМК томонидан фуқароларни ишга қабули ўтказиладиган кунлар ва қайси ихтисослик учун қачон суҳбат бўлиши ҳақида расмий веб сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали қўшимча ахборот берилади”, дейилган муносабатда.
LiveБарчаси