Карантин: Тошкентга кириб-чиқишга кимларга рухсат берилиши ҳақида аниқ маълумот берилди

Жамият 16707
image
-

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 28 июндан эътиборан Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди. Айни вақтда Тошкентга кириш-чиқиш учун барча блок постлар ёпилган.

Бугун карантин чекловларига қисман қайтилаётгани муносабати билан одамларда, айниқса, ҳайдовчиларда кўплаб саволлар туғилмоқда. Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов билан мулоқот қилди.

Рўзимурод Бердиев, мухбир: — Кимлар Тошкент шаҳрига киритилади-ю, кимлар киритилмайди?

Қахрамон Худойберганов, ЙҲХБ Матбуот котиби: — Махсус комиссия қарори билан 20 яқин блок постларнинг барчаси назорат остига олинган. Пойтахтга кираётган барча транспорт воситаларига фақат бугун тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бундан ташқари, маҳаллаларда, бозорларда, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда овоз кучайтиргич ёрдамида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпмиз. 

Республикаси махсус комиссияси қарорида белгиланганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари, полиз маҳсулотлари, дори-дармонларни ортган юк машиналари, соғликни сақлаш ходимлари, туристлар, шунингдек, Тошкент шаҳрида ишловчилар иш жойидан тегишли хужжат бўлгандагина киритилади. 

Р.Б.: — Тошкент шаҳрига кириб-чиқувчилар учун қандай талаблар мавжуд? 

Қ.Х.: — Биз фақатгина Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Булар ниқоб тақиш, карантин қоидаларига риоя қилиш ва зарурат бўлмаганда, Тошкент шаҳрига кирмаслик. Вилоятлардан келаётган фуқаролар соғлиғи билан муаммо бўлгандагина Тошкент шаҳрига киритилади. 

Р.Б.: — Қоидалар ўзгариши мумкинми? Янада жиддий чекловлар бўлиши кутиляптими?

Қ.Х.: — Ҳар сонияда ҳар хил вазият кузатилмоқда, шунинг учун агар ўзгариш бўлса, қўшимча маълумот бериб борамиз. 

Р.Б.: — Тошкент шаҳрида бўлиб турган вилоятликлар Тошкентдан чиқиб кетишлари мумкинми?

Қ.Х.: — Албатта, Тошкент шаҳрида бўлиб турган вилоятликлар чиқиб кетишлари мумкин. Биз ҳозир асосий эътиборимизни фақат Тошкент шаҳрига киришга қаратганмиз. 

Р.Б.: — Мазкур кучайтирилган карантин қоидалари вилоятларда қандай амалга оширилади? Бир волоятдан бошқа вилоятга ўтиши мумкинми?

Қ.Х.: — Бир вилоятдан бошқа вилоятга ўтишда ҳам фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилади. Мавжуд бўлган блок постлар хизмат тўлиқ назоратга олинади.

Республикаси Махсус комиссиясининг қарорига кўра, Тошкентга кириш-чиқишга қўйилган чеклов қуйидаги ҳолатларга татбиқ этилмайди:

  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) чет эл фуқароларига;
  • даволаниш учун ташриф буюраётган шахсларга;
  • Тошкент шаҳрида доимий фаолият кўрсатувчи ҳудудлардан келувчи шахсларга (иш жойи тўғрисида тасдиқловчи ҳужжат бўлган тақдирда);
  • Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетувчи шахсларга (авиачипта бўлган тақдирда);
  • Ўзбекистон Республикасига турист бўлиб келган чет эл фуқароларига ва уларни олиб келаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳамда агар гуруҳли жамоа бўлса, таржимон ёки туристик фирма вакилига;
  • барча турдаги юк ташиш, шунингдек, қурилиш материаллари (қум, шағал ва бошқалар) билан боғлиқ ҳолларга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар қандай автотранспорт воситаларида ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта жўнатмаларини ташиш билан боғлиқ ҳолларга;
  • соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларига.

Диёра Абдураҳмонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 488
Рейтинг: 3
t
×