Карантин: “аренда”га жой олганларнинг саволига жавоб берилди
Жамият
−
25 Март 2020
10734Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келгач, мамлакатда қатор тақиқлов чоралари жорий этилди. 24 мартда эса карантин чоралари кучайтирилиб, мулки объектларидан ижара шартномаси асосида фойдаланаётган турли тадбиркорлар ва хизмат кўрсатувчиларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилди. Натижада ижарага жой олганлар пулига “куйиб” қолиш хавфи пайдо бўлди.
Айни шу масалага Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов ойдинлик киритди.
“Шу кунга қадар давлат мулки объектларидан ижара шартномаси асосида умумий овқатланиш, ўқув марказлари, жисмоний тарбия, спорт, туризм ва бошқа соҳаларда фойдаланиб келаётган, аммо карантин сабабли Республика махсус комиссияси қарорига кўра, фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлик субъектларига 24 март санасидан бошлаб фойдаланмаган давр учун хеч қандай ижара пули ҳисобланмайди ва тўланмайди”, деди Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов
Пандемия вақтига инвестиция мажбуриятлари бажарилмагани учун пеня ва жарима қўлланилмайди, шартномалар бекор қилинмайди. Инвестиция мажбуриятларини бажариш муддатлари узайтириб берилади. Бунинг учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмаларига мурожаат қилишлари лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 56 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor