Канализация, ичимлик суви, йўл, тиббий хизмат... Бектемирнинг темирдай қотиб ётган муаммолари

Жамият

image

Тошкентда йиғилиб қолган муаммолар талайгина. Уларнинг айримлари навбати билан ҳал этилмоқда, баъзи масалаларга эса узил-кесил ечим топиш ё узоқ вақт талаб этади, ё умуман имконсиз.

Бугун, 17 апрель куни Бектемир туманида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида ўтказилган сайёр қабулда туман аҳолиси вакиллари томонидан таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат каби соҳалар бўйича қатор муаммолар ўртага ташланди. 

Бектемир Тошкентнинг энг чекка туманларидан бири саналади. Бу ерда аҳоли зич жойлашган. Ишлаб чиқариш корхоналари талайгина. Туман аҳолиси сони эса кун сайин ортиб бормоқда. Ҳудудда янги барпо этилган маҳаллалар ҳам оз эмас. 

Аҳоли томонидан бўлган асосий мурожаатлар эса ички йўлларнинг носозлиги ва тиббий хизматга бўлган эҳтиёж ҳақида бўлди. 

Туманнинг аҳоли гавжум қисмида тиббиёт муассасаси, мактаб ва мактабгача таълим мусссасаларига эҳтиёж катта. Бироқ, бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган муаммо сабаб аҳоли узоқ ҳудудларга қатнашига тўғри келяпти. Масалан, Миришкор маҳалласи атрофида шифохона, туғруқхонага эҳтиёж юқори. Абай маҳалласида ҳам кексалар шифокорларнинг хизматидан нолияпти. Тез ёрдам эса яқин масофага ҳам узоқ куттириб келиши бир овоздан таъкидланди. 

Ортиқхўжаев аҳолининг мурожаатларини тинглаб, маҳалладан шифохонагача бўлган масофа 1,5 кмни ташкил қилишини айтиб, шифохона қуриш ўрнига, бу маҳаллага хизмат кўрсатувчи алоҳида тез ёрдам машинаси олиб беришни таклиф қилди.

Туғруқхона масаласи очиқлигича қолди. Йиғилишда қатнашган Соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили вазиятни аъло даражада баҳолашга, туғруқхонага эҳтиёж йўқ деган тўхтамга келишга уринди ва нариги туманларда жойлашган яқинроқ ҳудуддаги туғруқхоналарга боришни тавсия этди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда туғруқхона масаласи ҳамон муаммо. Чекка ҳудудларда тиббиёт муассасасига етиб бормай, уйида кўзи ёриётган аёллар қанча. Тошкентга келсак, туғруқхоналарда навбат юқори даражада. Бу йўналишга хусусий сектор кириб келмагани боис, давлат туғруқхоналарила жой ва мутахассислар етарли эмас. Айниқса, бир тумандаги "роддом" "мойка"га тушса борми... кўринг томошани. 

Миришкор маҳалласида МТМ ва мактабга бўлган эҳтиёж кун сайин ортмоқда. 5-6 йилдирки, аҳоли мактаб ва МТМ қуриб беришларини сўраб идораларга бош уради. Боиси, маҳалла атрофида на мактаб, на МТМ бор. Болалар бир неча чақирим наридаги мактабларга қатнайди. 

Шунингдек, қарийб 30 йилдан буён канализация кириб бормаган кўчалар бор. Боз устига улар йилдан йилга канализациядан ўтгач, асфальт бўлишини кутиб ётибди. Бу эса нафақат туман, балки Тошкент юзидаги доғ, десак муболаға бўлмайди. 

Тошкентда ичимлик суви муаммоси борлигига ишонасизми? Бу ҳам Бектемирда. Мурожаатларнинг кўп қисмида ичимлик суви масаласига урғу берилди. Ортиқхўжаев тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг асосий масала эканини, бу йўналишда муроса қилинмаслигини айтиб, тегишли топшириқлар берди. 

Йиғилишда туман аҳолиси ҳокимлик халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг дардига қулоқ солаётгани, хусусан, ҳоким Шоҳруҳ Мамажонов одамларнинг муаммоларини ҳал қилишда бош-қош бўлаётгани алоҳида таъкидланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бектемир тумани

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг