Канада ва Шимолий Европа мамлакатлари Россия ва Хитойга қарши коалиция тузяпти

Олам

image

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида Канада ва Шимолий Европа мамлакатлари Россия ва Хитойга қарши Арктикада мудофаа коалициясини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Канада Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу ҳаракат Россиянинг Арктикадаги фаолиятини кучайтириши ва Хитойнинг минтақадаги таъсирини оширишини инобатга олган ҳолда, мослашувчи ва мутаносиб муқобил таъсир этиш стратегиясини шакллантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
 

“Канада узоқ вақт давомида географиямиз билан ҳимояланганмиз, деб ўйларди. Аммо, энди биз Россия билан юзма-юз турган мамлакат эканлигимизни ҳисобга олишимиз керак. Иқлим ўзгариши туфайли Арктикага қизиқиш билдираётган мамлакатлар кўпаймоқда, жумладан, Хитой. Оттава ушбу “янги ҳақиқат”ни инобатга олиши керак”, деди Жоли. 
 

Билдирилишича, Канада Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Хитойнинг Шимолий Қутбга қизиқишининг ошиши фонида Арктикадаги ҳарбий мавжудлигини кучайтиришга ваъда берди. Сентябрь охирида Жоли Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швециялик мавқедошлари билан Канаданинг Икалуит шаҳрида учрашув ўтказган. Унда вазирлар “Арктикадаги хавфсизлик мулоқоти” ёки мудофаа масалаларини муҳокама қилиш учун янги форум очиш йўлларини ўрганишга келишиб олган.

Маълумот учун, барча санаб ўтилган давлатлар, жумладан, АҚШ ва Россия ҳам Арктика кенгаши — арктик давлатларнинг ҳукуматлараро ташкилотига аъзо ҳисобланади. 2022 йилда Россия-Украина уруши бошланганидан кейин Арктика кенгашига аъзо барча давлатлар Москва раислигида ўтказилган йиғилишларда иштирок этишдан бош тортган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Хитой Канада Шимолий Европа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг