Канада Ҳиндистон дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди
Олам
−
15 Октябрь
5198Канада расмийлари сикх фаоли ва Канада фуқароси Ҳардип Сингҳ Нижжарнинг ўлдирилиши бўйича тергов иши муносабати билан олти нафар ҳинд дипломатини, жумладан олий комиссарни чиқариб юборди. Бу ҳақда Канада Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Канада Ташқи ишлар идораси Ҳиндистон ҳукумати билан боғлиқ агентлар томонидан Канада фуқароларига қарши мақсадли кампания олиб боргани учун олтита ҳинд дипломати ва консуллик амалдорлари Канададан чиқариб юборилгани ҳақида билдиришнома олганини эълон қилади”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотга кўра, расмийлар ҳинд дипломатлари канадаликларга қарши баъзи ноқонуний ҳаракатларга алоқадорлиги ҳақида маълумот олган. Бироқ улар дипломатик ва консуллик иммунитетидан воз кечишдан бош тортиб, тергов билан ҳамкорлик қилмаган, шунинг учун дипломатларни чиқариб юборишга қарор қилинган.
Ҳиндистон ҳукумати бу айбловларни бемаънилик деб атаган ва Канада Бош вазири Жастин Трюдони сиёсий манфаатлар учун мамлакатни атайлаб қоралашда айблаган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Канада олий комиссари вазифасини бажарувчи ва яна беш дипломатни мамлакатдан чиқариб юбораётганини маълум қилган. Уларга 19 октябрь кун якунигача мамлакатни тарк этиш буюрилган.
Маълумот учун, сикхлар нисбатан кичик диний гуруҳ бўлиб, уларнинг дунё бўйлаб тахминан 25 миллион тарафдори бор. Уларнинг аксарияти Ҳиндистонда яшайди. Жорий йилнинг июнь ойида отиб ўлдирилган Ҳардип Сингҳ Нижжар эса сикхларнинг Канададаги етакчиларидан бири эди. Нижжар “Халистон” деб аталувчи мустақиллик ҳаракатини ва Ҳиндистонда алоҳида сикх давлати ташкил этилишини очиқ қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ҳам мазкур можаро ортидан икки мамлакат ҳам бир-бирининг дипломатларини ўзаро чиқариб юборган эди.
LiveБарчаси