Кампир-ободни Ўзбекистонга бермаймиз – Тошиев
Олам
−
26 Апрель 2021
40141Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган тумани аҳолиси Ўзбекистон билан ер алмашишга қарши чиқмоқда. Улар муддатсиз митинг бошлаганини эълон қилди.
Одамлар ҳудудий масалалар аҳоли фикри инобатга олинмасдан ҳал этилаётганидан норози. Асосий норозилик Кампир-обод сув омборининг бир қисми Ўзбекистонга ўтишига бўлмоқда.
Намойиш ортидан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси, чегара бўйича Ҳукуматлараро комиссия раиси Қамчибек Тошиев вилоятга етиб борган ва аҳоли билан учрашган.
Тошиев ҳукумат аҳоли фикрини беэътибор қолдира олмаслигини таъкидлаб, Ўзбекистонга сув омборини бермаслигини айтган.
“Биз осмондан тушмаганмиз. Халқ талаби – биз учун олий талаб. Сизлар Кампир-ободни бермасликни сўраяпсизларми, биз уни бермаймиз”, деган Тошиев ва намойишчилардан тарқалишни сўраган.
Вазиятни ҳал қилиш учун томонлар кичикроқ ҳудудларни алмашиш борасида музокараларни бошлагани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан келишувга кўра, қуйидаги ҳудудлар Қирғизистонга ўтди:
• Кок-Серек – 105 га;
• Ала-Бука туманидаги Боястон – 212 га;
• Қора-Сув туманидаги Оқ-Тош – 100 га;
• Қора-Белес – 25 га;
• Наманган ва Жалол-обод вилоятлари оралиғидаги Ғовасой – 8 минг га;
• Унгар-Тоо тоғидаги ерлар – 35 га.
Булар эвазига Ўзбекистон Кампир-Обод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 га ҳудуд ҳам расмий Тошкентга берилади. Бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган тумани ҳудудига 50 га қўшиб олади.
Аввалроқ, Ўш вилояти Қора-Сув тумани аҳолиси Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 50 гектар ерни Ўзбекистонга берилишига қарши чиққанди. Тошиев ўшанда ҳам аҳоли билан учрашиб, Ўзбекистон томони билан шартларни қайта кўриб чиқишини таъкидлаган.