Камола Ҳаррис Байденнинг ўрнини эгаллашга тайёр 

Олам

image

АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис зарурат туғилса, давлат раҳбари лавозимини эгаллашга тайёр. Бу ҳақда у кеча, 12 февраль куни “The Wall Street Journal” (WSJ) газетаси мухбирлари билан суҳбатда сўз очди

"Мен хизмат қилишга тайёрман. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ", дейди у сайловчиларнинг АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденнинг ёши ҳақидаги хавотирларига изоҳ бериш сўровига жавоб берар экан.

Ҳарриснинг сўзларига кўра, Байденни иш жойида кўрган ҳар бир киши унинг етакчилик қобилиятини англаб етади. WSJ’нинг Демократлар партиясидаги манбаларига кўра, демократлар яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида Байденни бошқа номзод билан алмаштириш борасида жиддий суҳбатлар ўтказмаяпти. Бундан ташқари, праймеризда иштирок этиш учун ҳужжатларни топшириш муддати аллақачон тугаган.

Агар 81 ёшли Жо Байден ҳар қандай сабабга кўра бу йилги сайловдан чиқишга қарор қилса, вице-президент Камола Ҳаррис август ойида бўлиб ўтадиган Демократик партиянинг Миллий қурултойида унинг ўрнини эгаллаш учун кўпчилик демократ делегатларнинг қўллаб-қувватлашини қозониши керак бўлади. 

“Агар қурултойдан кейин Президент ўз номзодини қайтариб олса, унинг сайловдаги вориси Демократлар партияси миллий қўмитаси томонидан аниқланади”, деб ёзади WSJ.

Қайд этиш жоизки, Оқ уй Президент Байденнинг хотираси билан боғлиқ муаммолар борлигини инкор этса-да, у оммавий чиқишларида хато қилишда давом этмоқда. Масалан, яқинда Нью-Йоркда ўзининг президентлик кампанияси учун пул йиғилаётган зиёфат чоғида Жо Байден Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ва Гельмут Колни чалкаштириб юборди. Бундан ташқари, Америка етакчиси ўзининг сўнгги чиқишларида Франция Президенти Эммануэль Макронни марҳум Франсуа Миттеран билан адаштириб юборган, шунингдек, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисини Мексика раҳбари деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жо Байден Камола Ҳаррис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг