Камёб қўнғир айиқни овлаш бўйича иккинчи рухсатнома бекор қилинмаган – Экология қўмитаси
Жамият
−
09 Июль 2021
4180Ўзбекистонда камёб Тяньшан қўнғир айиғини овлаш бўйича иккинчи рухсатнома бекор қилинмаган. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг биринчи мажлисида Экология қўмитаси вакили Севара Давлатова сўз очди, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири.
Айтиш жоизки, жорий йилнинг май ойида Россия фуқароси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида камёб қўнғир айиқ овланганди. Эътиборли жиҳати шундаки, бунга Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг имзоси билан рухсат берилган.
Ушбу хабарлар кенг тарқалганидан сўнг, қўмита, аввало, тарқатилган хабар муаллифини “амалдаги қонунчиликни яхши ўрганмасдан, жамоатчиликни чалғитиш орқали қўмита раҳбариятини ёмонотлиқ қилиш мақсадида одамларни жунбушга келтирадиган хабар тарқатганликда” айблаб, расмий баёнот билан чиққан.
Баёнотга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-627-сонли Қонунининг мақсади ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу қонуннинг 15-моддасида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ёввойи ҳайвонларнинг кўп миқдорда тутиладиган турларига, шунингдек, камёб ва оз сонли турларига нисбатан белгиланиши кўрсатилган.
Қайд этилишича, Тяньшан қўнғир айиғини овлашга қонуний талабларга тўлиқ амалга қилган ҳолда рухсат берилган. 2020 йилнинг 25 ноябрида Фанлар академиясига қонун талабларига асосан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини кўриб чиқиб, хулоса бериш учун сўров юборилган. 2020 йилнинг 4 декабрь санасида Фанлар академиясининг Биоресурслар бўйича Идоралараро комиссияси 2021 йил учун ноёб ва “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларга ажратилган квоталар тўғрисидаги хулосасини қўмитага тақдим этган. Унда 2 дона Тяньшан қўнғир айиғини тутиш ҳам кўрсатилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 3 март куни Россия Федерация фуқароси Широкову Е.П.га Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 2 та Тяньшан қўнғир айиғини отишга №400030-сон рухсатнома берилган.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ушбу ҳолатга “Қўмита раҳбарининг ўзини ашаддий бронконьер ва бронконьерликни қўллаб қувватлайдиган шахс кўринади”, дея муносабат билдирганди. Депутат бу масалада парламент назорати кераклигини таъкидлаганди.
LiveБарчаси