Қўйнидан тўкилса, қўнжига! Ким Чен Ин ваколатларининг бир қисмини синглисига топширди

Олам

image

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин баъзи ваколатларини Шимолий Кореянинг юқори лавозимли амалдорларига, шу қаторда 32 яшар синглиси Ким Ё Жонгга топширди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб “Ёнҳап” хабар бермоқда. 

Мавжуд маълумотларга кўра, Ким Ё Жонг Пхеньяннинг АҚШ ва Жанубий Кореяга нисбатан сиёсатини ўз қўлига олади. Бундан ташқари, давлат миқёсидаги ишларни ҳал этиш ҳам унинг зиммасига юкланади. Бу билан у мамлакат раҳбариятида “иккинчи одам” мақомини олмоқда. 

Аммо у Ким Чен Иннинг мамлакат раҳбари сифатида вориси бўлади, дейишга асос йўқ. "КХДР етакчиси ҳанузгача тўлиқ ҳокимиятни сақлаб турибди, аммо у аста-секин топширилади",  деб ёзмоқда BBC Жанубий Корея разведкасининг хулосаларига иқтибос келтириб. 

Ваколатларни тақсимлашга кўра, Вазирлар Маҳкамаси раиси Ким Док Хун ва Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Пак Бон Ду мамлакат иқтисодиётини бошқариш билан шуғулланадилар. Яна икки юқори лавозимли мансабдор шахслар қисман мудофаа масалалари бўйича жавобгар бўладилар. 

“Ёнҳап” манбаларининг сўзларига кўра, бундай сиёсат Ким Чен Ин бошдан кечираётган стрессни минималлаштиришга, шунингдек Шимолий Корея раҳбаридан "сиёсатдаги муваффақиятсизликлар" учун жавобгарликнинг бир қисмини олиб ташлашга қаратилган. 

Сингил Ким Ё Жонгнинг КХДР сиёсий тузилмасидаги мавқеи бир неча ойлардан бери муҳокама майдонининг асосий мавзуси бўлиб келмоқда. Шу йилнинг апрель ойида Ким Чен Ин журналистлар назаридан ғойиб бўлди – у 20 кун давомида жамоатчилик олдида кўриниш бермади. Кейин халқаро оммавий ахборот воситаларида Шимолий Корея раҳбарининг жиддий касаллиги ва ҳатто унинг ўлими ҳақида миш-мишлар тарқалди. Баъзи кузатувчилар, агар миш-мишлар ҳақиқатга айланган бўлса, унда унинг синглиси КХДР раҳбарининг вориси бўлиши мумкин деб тахмин қилган. 

Орадан бироз вақт ўтиб, 1 май куни Ким Чен Ин Пхеньян яқинидаги Сунчеон шаҳрида ўғит ишлаб чиқарадиган заводнинг очилиш маросимида иштирок этди. 

Бу орада эса Ким Ё Жонг кузатувчилар диққат марказига тушди. Чунки у Шимолий Корея етакчисининг барча муҳим халқаро учрашувларида – Жанубий Корея Президенти Мун Чже Ин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлган музокараларда иштирок этди. 

Бунгача у Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтадиган 2018 йилги Олимпия ўйинларида делегация таркибида бўлган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Ким Ё Жонг

Баҳолаганлар

145

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг