Қуйичирчиқда адвокатга пичоқ билан тан жароҳати етказилди. Ишни прокуратура “босди-босди” қилиши мумкинми?

Жамият

image

Қуйичирчиқ туманидаги “Haqiqat izlab” адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Жумановга ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида пичоқ билан ҳамла қилиниб, тан жароҳат етказилган. Бу ҳақда хабар бермоқда.

Маълумот ҳақида, 12 март куни жабрланувчининг ҳамкасби Муҳсин Маркамалов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига телеграмма орқали маълум қилиб, айбдорларга нисбатан чора кўрилишида ва адвокатнинг ҳимояси таъминланишида ёрдам сўраган.

"Advokat" ойномаси мухбири мазкур хабар эгаси адвокат Муҳсин Маркамалов ҳамда “Haqiqat izlab” адвокатлик фирмаси раҳбари Фурқат Саидхўжаевлар билан телефон орқали боғланиб, воқеа тафсилотларини суриштирган.

“М.Миркамаловнинг айтишича, ҳамкасби Рустам Жумановга ҳамла қилган шахс у муқаддам адвокатлик қилган фуқаронинг низолашган томони экан. Маълум бўлишича, адвокат аввалроқ катта қийматли мол-мулк талашиш билан боғлиқ фуқаролик ишида даъвогар томоннинг манфаатини ҳимоя қилган бўлиб, судда ютиб чиққан.

“Рустам ака, ёши анчагина катта бўлса ҳам, ўзини қаттиқ ҳимоя қилиб, ҳаётий муҳим аъзоларига тиғ тегдирмаган. Ҳужумни қўллари билан қайтаргани учун қўли ва билагида жароҳат бор, шунингдек юзи ҳам тилинган”, дейди Миркамалов. Шунингдек, унинг айтишича, адвокатнинг аҳволи ҳозир яхши, эртага – 10 кунлик муолажадан сўнг шифохонадан жавоб берилиши кутилмоқда.

Жабрдийда адвокат Жуманов ва унинг ҳимоячиси Миркамаловлар прокуратура томонидан бу иш “босди-босди” қилиниши мумкинлигидан хавотирда. Чунки, уларнинг айтишларича, шу пайтга қадар зарур процессуал тадбирлар бажарилмаган, жумладан, воқеа жойи кўздан кечирилмаган, далилий ашё бўлган пичоқ олиб қўйилмаган, ундаги қон доғлари экспертиза қилинмаган ва ҳоказо...

Шу боис, 10 кун ўтиб ҳам тергов органлари ҳаракатга тушмагач, адвокатлар Палатага мурожаат қилишга қарор қилганлар. Айни пайтда Адвокатлар палатаси ва Палатанинг Тошкент вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, адвокатлар фаолиятига қаршилик қилиш каби ҳолатлар илк марта содир бўлаётгани йўқ. Аввалроқ, адвокат фаолиятига тўсқинлик қилган МИБ ходими ҳам жавобгарликка тортилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

прокуратура адвокат

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг