Адвокатга тўсқинлик қилган МИБчи жаримага тортилди
Жамият
−
17 Февраль 2020
8048Адвокатнинг МИБ биносига киришини тақиқлаб, ҳам адвокатнинг, ҳам унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳуқуқларига дахл қилган МИб ходими ўз раҳбарияти томонидан интизомий, суд томонидан эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Адвокатлар палатасининг сайтида хабар берилда.
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Vindikatsiya” адвокатлик бюроси адвокати Неъматилла Даминов ўз профессионал фаолиятига тўсқинлик қилган МИБ суриштирувчиси Р.А.ни судга бериб, ютиб чиққан. Маълум бўлишича, бу ходим хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани учун аввалроқ ўз раҳбарияти томонидан ҳам интизомий жазога тортилган экан.
“Қўшалоқ айб”
Қайд этилишича, МИБ Иштихон тумани бўлими томонидан “табиий газдан ноқонуний фойдаланган” деган айб билан устидан маъмурий иш очилган фуқаро С. ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат билан шартнома имзолаган. Бироқ ишни юритаётган МИБ Иштихон туман суриштирувчиси Р.А. адвокатни қабул қилишни рад этиб, унинг ҳатто МИБ биносига киришини ҳам тақиқлаб қўяди. Ўз навбатида, фуқаро С.га ҳам босим ўтказиб, ҳузурига адвокатсиз, фақат ўзи келишини талаб қилади. Бу билан эса у бир тарафдан адвокатнинг касбий фаолиятини амалга оширишига тўғаноқ бўлган, иккинчи томондан эса фуқарони юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум этган.
Адвокат Н.Даминов суриштирувчининг процессуал қонун нормаларига бу қадар беписандлигини “ҳазм қилолмади” – унинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари тўғрисида МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғига ариза ёзади. Шунингдек, адвокат тегишли тартибда судга ҳам мурожаат қилади.
Бажарилмаган ижро талаби
Адвокат Н.Даминовга юборилган жавоб хатидан маълум бўлишича, суриштирувчи Р.Аҳадқуловнинг қилмишлари Бошқарма бошлиғи ҳузурида ўтказилган тезкор йиғилишда (2019 йил 6 март) “чиғириқ”дан ўтказилган. Натижада эса бу суриштирувчининг адвокат фаолиятига ғов бўлишдан ташқари, иш юритиш қоидалари ва ижро талабларига ҳам риоя қилмагани маълум бўлади қолади.
Хусусан, у фуқаро С.нинг муқаддам судланганлиги ёки маъмурий жавобгарликка тортилганлигига доир талабномаларни олмаган, текшириш ҳужжатларини тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаган, шунингдек, дастлабки 10 кунлик муддат ўтганидан кейин ҳам қўшимча муддат олмасдан иш юритувини давом эттирган экан. Шу боис хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлиги учун унга нисбатан интизомий жазо – ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унинг бевосита раҳбари, яъни туман МИБ бошлиғи эса “ҳайфсан” олади.
Ҳуқуқий асос ва суд ҳукми
Хабарда айтилишича, МИБ вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ушбу хизмат текшируви хулосаси, тезкор йиғилиш баённомаси, Р.Аҳадқуловга нисбатан интизомий жазо қўлланилгани тўғрисидаги буйруқ ва бошқа ҳужжатлар судда ҳам жавобгар Р.А.нинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганини тасдиқловчи далиллар сифатида баҳоланган.
Аммо Р.А. суд мажлисига келмаган. Шундай бўлса-да, у судга узрли сабаб кўрсатмагани ва ишни кечиктириш тўғрисида ариза ҳам бермагани боис Иштихон туман маъмурий суди ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқди ва МИБ суриштирувчисига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 197’1-моддаси (“Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш”)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида, яъни 405.460 сўм жарима тайинланган.
LiveБарчаси