Қуёш яна Туркистондан чиқадиган кунлар яқин – Эрдўған

Олам

image

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилоти ҳеч кимни безовта қилмаслиги, аксинча, қадимий тарихий ва инсоний муносабатларга асосланган бу ноёб тузилманинг бир қисми бўлишга ҳаракат қилиши керак. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 12 ноябрь куни Истанбулда ўтган саммитдан сўнг матбуот анжуманида гапирди. 

“Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий ёки сиёсий манфаатлар ҳамкорлигидан ҳам кўпроқ катта бир қалб бирлигидир. Бу бирликни қанчалик узоқ давом эттирсак, ўзимиз, минтақамиз ва дунё учун шунча кўп хайрли ишларга қўл ура оламиз. 

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилоти ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак, аксинча, қадимий тарихий ва инсоний муносабатларга асосланган бу ноёб тузилманинг бир қисми бўлишга ҳаракат қилиши керак. Сивилизациямиз ва маданиятимизнинг табиий йўл харитасига мувофиқ, ташкилотга аъзо давлатлар сифатида ҳар соҳада алоқаларимизни ривожлантиришда давом этамиз”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.

Истанбулда ўтган саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи ташкилотга ўзгартирилди. Шунингдек, Туркманистон кузатувчи давлат сифатида ташкилотга қабул қилинди. Айни вақтда эса Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон ва Ўзбекистон ташкилотнинг аъзо давлатлари саналади. Венгрия эса ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга. 

Эрдўған сўзида давом этаркан, ташкилот атрофида тўпланган давлатлар совуқ уруш давридаги бегонасирашга барҳам берганини айтади. 

"Айни пайтда барчамиз бу ҳақиқатни жуда яхши кўриб турибмиз. Биродарлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббатга ҳеч қандай тўсиқ тўсқинлик қила олмайди. 

Келиб чиқиши, маданияти ва аждодлари умумий бўлган, бир маънавий хазинадан озиқланган биродарларни ажратадиган чегара йўқ. Бугун бу ерда тақдим этган фотосуратимизни Туркий дунё сифатида ўртамиздаги абадий ва азалий биродарликнинг янги белгиси деб биламиз. Совуқ уруш йилларида бир-бирини қучоқлаб кўришишни орзу қилган ака-ука бугун бирлик ва ҳамжиҳатликда умумий келажагини қурмоқда”, дейди Эрдўған. 

Эрдўған Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилотининг ривожланиши ортидан қуёш яна Шарқдан чиқадиган кунлар келаётганига урғу берди. 

“Умид қиламанки, қуёш яна шарқдан чиқа бошлайдиган вақтлар яқин. Минг йиллар давомида сивилизация бешиги бўлган Туркистон замини яна бутун инсониятнинг жозиба ва маърифат марказига айланади. Биз аъзо ва кузатувчи давлатлар сифатида ташкилотимизнинг институционал тузилмаси ва қарашларини ушбу масала бўйича консенсусда мустаҳкамлаш чораларини кўряпмиз”, дейди Президент

Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик ташкилотининг келгусидаги фаолияти йўл харитасига ҳам тўхталиб, шундай дейди: 

“Терроризм, экстремизм, ирқчилик ва исломофобиянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашимизни давом эттириш қатъиятимизни яна бир бор ҳужжатлаштирдик. Иқлим ўзгариши ва эпидемиялар каби инқирозларга қарши биргаликда қадамлар ташлаймиз”, деди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

481

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг