Қуръон ёқилиши ортидан Афғонистонда Швеция ваколатхоналари ёпилди
Олам
−
11 Июль 2023
6653“Толибон” Стокгольмда Қуръон ёқиб юборилгани муносабати билан Швециянинг Афғонистондаги ваколатхоналари ишини тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
“Швецияда Қуръони Карим ва мусулмонлар эътиқоди таҳқирланганидан сўнг Афғонистон Ислом Амирлиги (“Толибон” қўллаган давлат номи) мусулмонлардан бу жирканч ҳаракати учун узр сўрамагунча Швециянинг Афғонистон ҳудудидаги ҳар қандай фаолиятини тўхтатиб қўйди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, “Толибон” бошқа мусулмон давлатларини Стокгольм билан алоқаларини қайта кўриб чиқишга чақирган.
2021 йил 15 август куни “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Швеция Кобулдаги ўз ваколатхоналарини ёпганди. Бироқ Швециянинг айрим гуманитар ташкилотлари мамлакатдаги фаолиятини давом эттирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида 37 ёшли ироқлик муҳожир томонидан Қуръон китоби ёқиб юборилганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар норозилигини билдирди. Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Қуръоннинг ёқилиши динлараро адоват қўзғашини айтиб, бу ҳолат жиноят дея баҳоланишини ҳамда унга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Путинга унинг Доғистонга сафари давомида Қуръон совға қилишганди.
Расмий Анқара ҳам Қуръоннинг ёқилиши юзасидан Швецияга нисбатан норозилигини билдириб, ушбу мамлакат учун НАТОга аъзо бўлиш “орзу” бўлиб қолишини маълум қилганди. Европа Иттифоқи Швециядаги воқеалар бўйича ўз позициясини билдириб, муқаддас китобларнинг ёқилиши ҳақорат, ҳурматсизлик ва очиқ-ойдин провокация эканини билдирган. Шунингдек, Қуръонни ёқиш бўйича акция Иттифоқ фикрини акс эттирмаслиги маълум қилган.
АҚШ ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, Швециядаги мусулмонларнинг ҳуқуқларидан хавотирда эканини билдирган. Ироқ Қуръонни ёққан одам унинг фуқароси эканини даъво қилиб, Швециядан уни экстрадиция қилишни талаб этганди. Ироқда, шунингдек, футбол бўйича миллий чемпионатнинг “Ал-Шорта” ва “Ал-Қосим” жамоалари ўртасидаги ўйинда Швецияда Қуръоннинг ёқилишига қарши акция ўлароқ футболчи ва ҳакамлар майдонга Қуръон китоблари билан чиқишди.
2 июль куни эса Ислом ҳамкорлик ташкилотида Швецияда Қуръоннинг ёқилиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилганди. 3 июль куни Рим папаси Франциск Швецияда Қуръон ёқилишини кескин қоралаб, бу ҳолат уни ғазаблантирганини маълум қилди. 5 июль куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралади.
LiveБарчаси