Қурол савдосида кимлар етакчилик қилмоқда?
Олам
−
13 Март 2023
15260АҚШ ва Россия Федерациясида қурол сотиш ҳажми аввалги беш йиллик даврга нисбатан 31 фоизга камайган бўлсада, улар асосий экспортчилар бўлиб қолмоқда. Украина эса 2022 йилда импортчилар орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти томонидан эълон қилинган “2018-2022 йиллардаги жаҳон қурол савдоси ҳолати тўғрисида”ги ҳисоботда келтирилган.
Қайд этилишича, глобал қурол савдосида сўнгги ўттиз йилликнинг энг йирик экспортчилари АҚШ ва Россия бўлган. Бироқ ҳозирда уларнинг экспорти ҳажми ўртасидаги тафовут сезиларли даражада ошган, Россия ва жаҳон рейтингида учинчи ўринни эгаллаган Франциянинг қурол экспорти ҳажми ўртасидаги тафовут қисқарган.
2018-2022 йилларда 2013-2017 йилларга нисбатан АҚШ қурол савдоси 14 фоизга ўсган ва уларнинг глобал ҳажмдаги улуши 40 фоизни ташкил этган. Россияда худди шу даврда сотувлар 31 фоизга камайган ва глобал ҳажмдаги улуши 22 фоиздан 16 фоизгача пасайган. Франциядаги кўрсаткичлар мос равишда 7,1 фоизга тушган ва глобал савдодаги улуши 11% га етган.
Шунингдек, Европа мамлакатлари томонидан 2018-2022 йилларда 2013-2017 йилларга нисбатан асосий қуроллар импорти 47 фоизга ошган, жаҳон қурол-яроғ етказиб бериш ҳажми эса 5,1 фоизга қисқарган. Африка (-40%), Америка (-21%), Осиё ва Океания (-7,5%), шунингдек, Яқин Шарқда (8,8%) пасайиш қайд этилган. Бироқ Ғарбий Осиё ва геосиёсий кескинлик юқори бўлган бошқа минтақаларда қурол импорти кескин ошган.
2022 йилда Украина дунёдаги учинчи йирик қурол импортчисига айланган. 1991 йилдан 2021 йилгача у арзимас миқдордаги асосий қуролларни сотиб олган. Аммо ҳозирда АҚШ ва Европа давлатлари томонидан Киевга кўрсатилаётган ҳарбий ёрдам туфайли мамлакат энг йирик импортчилар рўйхатидан жой олган ва АҚШдан кейин учинчи ўринни эгаллаган.
“Қирувчи самолётлар ва узоқ масофали ракеталар билан таъминлаш Украинадаги урушнинг янада авж олишига сабаб бўлиши мумкинлиги туфайли НАТО давлатлари Украинанинг уларни 2022 йилда етказиб бериш ҳақидаги илтимосини рад этган. Шунинг учун улар бундай қуролларни ҳарбий можароларда иштирок этаётган Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдаги мамлакатларга етказиб берган”, дейди SIPRI катта илмий ходими Питер Везман.
LiveБарчаси