Қўрқув, уят, оилага садоқат... – Шаҳноза Мирзиёева зўравонликка учраётган болалар ҳақида
Жамият
−
10 Октябрь 2023
121132023 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, уларнинг 417 таси жинсий зўравонлик қурбони бўлган. Бу ҳақда бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва UNICEF ҳамкорлигида ўтказилган миллий давра суҳбатида президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.
Суҳбат давомида иштирокчилар “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш учун миллий даражада тезкор ва қатъий чоралар кўришга чақирди.
Хусусан, Шаҳноза Мирзиёева мамлакатда оилавий зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганини айтиб, даҳшатли рақамларни эълон қилди.
“Тасаввур қилинг, жорий йилнинг тўққиз ойида қариндошлар, жумладан, яқинлар томонидан болаларга нисбатан 166 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Афсуски, ҳатто расмий статистика ҳам ўлчовни объектив баҳолашга имкон бермайди. Ҳақиқат бундан ҳам баттар.
Зўравонлик қурбони бўлган болалар одатда зўравонликка дучор бўлганликлари ҳақида хабар бермайдилар. Кўпинча улар қўрқув, уят ҳисси ёки оилага садоқат ҳисси сабаб содир бўлган ҳолат ҳақида индамайди. Айниқса, зулм қилувчи шахс болага яқин одамлардан бири бўлса”, деди у нутқи аввалида.
Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини зўравонлик профилактикасини кучайтириш, жавоб чораларини яхшилаш ва зўравон билан ишлаш зарурлигига қаратмоқчи эканини маълум қилди.
“Биз бу муаммога кўз юмишни бас қилишимиз керак. Зўравонлик нафақат инсон ҳуқуқларини поймол қилади, у боланинг қолган ҳаётига ҳам таъсир қилади. Биз ушбу ўткир муаммо бўйича жимжитликка чек қўйиб, бу муаммо ҳали ҳам мавжуд бўлишига сабабчи жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз. Мазкур қонун қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини ўзгартириши, уларни ҳимоя қилиши, тарбиялаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имконият яратиши мумкин”, деди Мирзиёева.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қўшимча қилишича, зўравонликни тўхтатиш бўйича махсус қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Жиноят кодексига яқинда киритилган ўзгартишларга мос келади, бу эса, ўз навбатида, қизлар, ўғил болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиради. Бундан ташқари, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги махсус қонун зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўп тармоқли хизматларни ривожлантириш ва амалга оширишни таъминлайди.
“Жаҳон миқёсида жорий маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳар йили дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Яқинда ўтказилган Мультииндикатор кластер кузатуви (МИCС) шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган 3 нафар боладан 2 нафари (62%) зўравонлик билан тарбиялаш усулларини бошдан кечирган (жисмоний жазо ва/ёки психологик тажовуз), 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди”, дейилади агентлик тақдимотида.
Агентликнинг қўшимча қилишича, қонун қабул қилингандан сўнг, бу қонун оилавий маслаҳатлар, руҳий саломатлик ва руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётий кўникмаларга ўргатиш ҳамда хавфсиз уй-жойдан фойдаланиш имконини бериш, фаровонликни таъминлаш ва зўравонлик, қўрқув ҳамда зарардан ҳимоя қилиш каби хавфсизликни ошириш, ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш ва такомиллаштирилган қўллаб-қувватлаш тизимлари орқали Ўзбекистон бўйлаб қизлар ва ўғил болалар учун фойдали бўлади.
Давра суҳбатида сўзга чиққан UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминисис бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмас, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи куч бўлиши кераклигини уқтирди.
“Ушбу қонун, агар қабул қилинса, Ўзбекистон фарзандларининг ҳаётини шакллантириш, уларни ҳимоя қилиш, тарбиялаш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлади. Қонун лойиҳасининг тили ва мақсади болаларни ҳимоя қилишнинг энг юқори стандартларини акс эттириши жуда муҳим, бу шунчаки қоғоздаги сўзлар эмас, балки Ўзбекистондаги барча болалар ҳаётини ўзгартирувчи куч бўлиши керак”, деди Регина Де Доминисис.
Маълумот учун, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жами 43 моддадан иборат бўлиб, унга кўра, болаларга нисбатан зўравонлик қилганларга жиноий жазо енгиллаштирилмайди ва ҳеч қандай амнистия берилмайди.
LiveБарчаси