Қурилиш вазирлиги белгиланган вазифаларнинг ярмини ҳам бажармаган
Жамият
−
27 Июль 2019
3847Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги жорий йилнинг биринчи ярмида бажариши керак бўлган вазифаларнинг ярмини ҳам ўз муддатида бажармаган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида таъкидланди.
Мажлисда Қурилиш вазирлигининг ҳисобот давридаги фаолияти кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, вазирликка 2019 йилда 33 та вазифа юклатилган бўлиб, шундан 10 тасини жорий йилнинг биринчи ярмида бажариш белгиланган.
Айни пайтга келиб ушбу вазифаларнинг бор-йўғи 4 таси бажарилган. Шаҳарсозлик норма ва қоидалари, шунингдек, давлат стандартларини хатловдан ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузиш, ҳудудий қурилиш органларининг моддий-техника базасини хатловдан ўтказиш, ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштириш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқиш каби вазифалар шулар жумласидан.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қурилиш-монтаж ишлари мониторинги ва назоратини кучайтириш, шаффофлиги ҳамда объектларнинг белгиланган муддатда топширилишини таъминлашни ўз ичига олган миллий ахборот тизимини яратиш ва уни бунёдкорликнинг барча жараёнларига жорий этиш бўйича тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш вазифаси бўйича амалга оширилган ишлар якунланмаган. Қолаверса, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини ўрганиш ва улар ишини тартибга солувчи амалдаги меъёрий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш вазифаси ҳам бажарилмаган.
Шунингдек, сенаторлар бугунги кунда кўплаб эътироз ва мунозарага сабаб бўлаётган қурилиш соҳасидаги муаммо ва камчиликлар, тизимдаги бюрократия, ўзлаштириш ва коррупция билан боғлиқ ҳолатларга ҳам урғу берган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь