Қурилиш лойиҳаларини тақсимлаш электронлаштирилади – Президент қарори

Жамият

image

Бугун, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, инвестиция дастурлари ва ташаббусли бюджетлаштириш асосида молиялаштириладиган қурилиш лойиҳаларини амалга оширишнинг янги тартиби белгиланмоқда. Бунда:

•    объектларнинг лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида инсон омилисиз аниқланади.

•    2023 йил 1 мартга қадар қурилиш объектларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини акс эттирувчи фото ва видео материалларни юклаш имконини берувчи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.

•    буюртмачи билан лойиҳачи ва пудратчилар ўртасидаги шартномалар фақат электрон рақамли имзо орқали тузилади.

•    манзилли рўйхатлар улардаги ҳар бир объектга идентификация рақами берилган ҳолда электрон тизимда юритилади.

•    хавф-хатар тоифасидан қатъи назар барча объектлар ваколатли органдан электрон рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади.

•    объектлар юзасидан ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Хужжатга кўра, 2023 йил 1 февралдан бошлаб:

•    бош пудрат ташкилоти томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳисобот электрон тизимда шахсий кабинетда шакллантирилади ва буюртмачи билан электрон келишилади, молиялаштириш учун ғазначиликка электрон тизим орқали юборилади.

•    лойиҳачи ва пудратчиларнинг рейтинги, ҳар бир объектнинг ҳужжатлари, бажарилган иш ҳажмлари ва молиялаштирилган маблағлар ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ эълон қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг