Қурилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилади
Жамият
−
17 Июль
4659Қурилиш инспекцияси ҳукумат таркибига ўтказилиши ва ваколатлари кенгайтирилиши белгиланди. Бу ҳақда бугун, 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд этилди. Билдирилишича, ўтган бир ярим йилда экспертизаси йўқ 2,2 минг объект қурилишига асоссиз рухсат берилган. Ўтган йил рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланган.
Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Қайд этилишича, бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, шу жумладан дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Янги қурилиш лойиҳаларида тадбиркорлар электр ва газ таъминотига уланиши учун техник шартлар олиш тизимини рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Бунда тармоққа уланиш нуқтасини инсон омилисиз автоматлашган тарзда танлаш тизими жорий қилинади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилиб, вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
LiveБарчаси