Қуръондаги ҳақиқат ёхуд Жорж Флойд эмас, АҚШнинг дунёда устунлигига жаноза ўқиляпти

Таҳлил

image

Ўн кундирки, АҚШ бутун мамлакатни қамраб олган намоший ва тартибсизликлар сабаб ўз ёғига “қовурилиб ётибди”. Афроамерикалик Жорж Флойднинг полиция томонидан ўлдирилиши сабаб келиб чиққан ушбу кенг қамровли норозиликнинг томири IV аср олдин ҳали мустақил АҚШ давлати ташкил топмаган даврларга тақалади ва замонлар оша ривожланиб келган. Ўтган вақт давомида ирқчилик сабаб ўнлаб бугунги кундагидек катта намойишлар ва қўзғолонлар бўлиб ўтган.

Айнан шу иллат сабаб 1861-1865 йиллар давомида АҚШ фуқаролик урушини бошдан кечирди. Уруш якунида АҚШ Конституциясида қулдорлик бекор қилиниб, қора танлилар озод қилинди. Аммо қуллик тугаган бўлса ҳам, ирқчилик тугамади. Аксинча, бу можаролар янада авж олди. Урушдан сўнг қулдорликни ёқлайдиган ва ирқчилик кайфиятидаги қатлам қора танлиларни камситишда давом этди.

Расмий равишда ирқий ажратиш 1865 йилда АҚШ Конституциясига қулликни тақиқловчи 13-ўзгартириш киритилганидан бери мавжуд. Унинг биринчи белгилари сифатида миллатлараро никоҳ ва муносабатларнинг тақиқланиши, оқ ва қора танлилар учун алоҳида ўқув муассасалари ҳамда транспорт, яшаш учун алоҳида маҳаллалар (геттолар), алоҳида негр ҳарбий қисмлари ташкил қилиниши ва шу кабиларни олиш мумкин. Буларнинг барчаси ўз-ўзидан келиб чиқадиган тартибсизликларга омил бўлиб хизмат қилган. Тартбсизликлар оқибатида тинч аҳоли нобуд бўлган, шаҳарларга катта миқдордаги моддий зарар етказилган. Бунинг олдини олиш учун муайян ҳудудларда фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этишга тўғри келган.

Ирқчиликнинг дастлабки нишонаси – дарвинизм

Автобусларда қора танлилар учун алоҳида жойлар белгиланган

Ирқчиликнинг илк илдиз отишига сабаб бўлган ҳодиса 1676 йилда Натаниел Бекон томонидан Виржиния губернатори ва бой ер эгаларининг камбағал колонистларни эксплуатация қилиш тизимига қарши қўзғолони бўлган. Қўзғалон якунида томонлар энди фақат қоратанли одамларни қул қилиб ишлатиш ҳақида келишувга эришганлар. Ушбу келишувдан сўнг қоратанлиларнинг узоқ давом этган қуллик даври бошланди.

Гарчи, АҚШ Конгресси 1808 йилда Африкадан янги қулларни олиб киришни тақиқлаган бўлса-да, бу амалиёт камида яна ярим давом этди. 1844 йилда Европа давлатларининг қул савдосига қарши норозиликларига жавобан АҚШ Давлат котиби Келхоун, ҳозирда мавжуд фанлар қоратанлилар ва оқлар ўртасидаги туб фарқлар ҳақида гувоҳлик беришини ва шунинг учун ирқлар ўртасидаги мавжуд муносабатлар мақбул иш эканлигини айтиб ўтди. Бу афроамерикаликларнинг ғазабини келтирди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида АҚШда Европада бўлгани каби ижтимоий дарвинизм ва евгеника ғоялари тарқала бошлади. Дравинизм – бу турларнинг табиий танланишини изоҳловчи қараш. XIX асрнинг охири ва XX асрнинг биринчи ярмида Америка илмий адабиётларида баъзи ирқлар ва халқларнинг маданий ривожланишга қодир эмаслиги ҳамда бошқаларнинг “танланганлиги” ҳақидаги даъволар учрайди. 

Иқчилик қурбонлари: Мартин Лютер Кингдан Жорж Флойдгача

Мартин Лютер Кингнинг ҳаракати Маҳатма Ганди таълимотига асосланган бўлган

Америкада қоратанлиларнинг ўлдирилиши илк бор кескинликка сабаб бўлаётгани йўқ. Афроамерикаликнинг ўлдирилиши билан боғлиқ энг шов-шувли ҳодиса 1968 йилда содир бўлган. Ўшанда Теннеси штатининг Мемфис шаҳрида қора танли ҳуқуқ ҳимоячиси Мартин Лютер Кинг қотиллик қурбони бўлган. Флойд ўлимидан кейин машҳурликка эришган бўлса, Кинг ҳаётлигидаёқ камситилган қатлам қаҳрамони бўлиб улгурганди. Унинг ўлими АҚШда катта намойишларни бошлаб берганди.

Шу ўринда Мартин Лютер Кинг ҳақида маълумот бериб ўтсак. У америкалик қоратанлиларнинг ҳимоячиси бўлган. Кинг Маҳатма Ганди таълимоти асосида яъни, зўравонликсиз мақсадга эришиш йўлидан борган. Шу сабаб, 1964 йил 14 октябрда Кинг зўравонликсиз ирқий тенгсизликка қарши курашгани учун “Нобель” мукофотига сазовор бўлган. 

Мартин Лютер Кинг Теннесси штатининг Мемфис шаҳрида 1968 йил 4 апрелда 39 ёшида ўлдирилган. Кингнинг ўлдирилиши бутун мамлакат бўйлаб 60 дан ортиқ шаҳарда тартибсизликларни келтириб чиқарган. Беш кун ўтгач, Президент Линдон Жонсон Кинг учун миллий мотам кунини эълон қилди. Кингнинг дафн маросимида 300 мингга яқин киши қатнашган.

Кингнинг ўлими куниёқ пойтахт Вашингтонда тартибсизликлар бошланиб кетади. Катта оломон кўчалар бўйлаб юриб, Оқ уй томон келди. Президент Линдон Жонсон дарҳол федерал қўшиндан ёрдам учун 13 600 аскарни сафарбар қилади. Денгиз пиёда аскарлари Капитолий зинапояларига пулемётлар ўрнатган ва 3-пиёда аскарлари эса Оқ уйни қўриқлаш учун шай бўлган. Ўшанда шаҳар ҳокими комендантлик соати жорий қилиб, шаҳарда алкоголь ва қурол сотишни тақиқлайди. Эҳтиёт чораларига қарамай, тартибсизлик натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 1097 киши жароҳатланган ва 6000 дан ортиқ одамлар ҳибсга олингаан. 1200 га яқин бино ёниб кетган, уларнинг 900 га яқини дўконлар бўлган.

Бундан олдин қора танлиларнинг ўдирилиши бўлмаганми? Албатта, бўлган. Кингнинг ўлими юқорида айтганимиздек, улар орасидаги энг оламшумули. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўнлаб шундай воқеаларнинг “егизакларини” кўришимиз мумкин.

Южин Уильямс ва Чикагодаги тартибсизликлар

Чикагонинг шаҳар пляжларида ирқий ажратиш тизими мавжуд эди. Бунда пляжга келган қоратанлилар ўзлари учун ажратилган махсус ҳудудда чўмилиши ва дам олиши мумкин бўлган. 1919 йил 27 июлда соҳилда чўмилаётган қоратанли ўспирин Южин Уильямс сувдаги ирқ бўйича ажратадиган чегарани кесиб ўтди. Шундан сўнг, Южин оқлар томонидан тошбўрон қилинди ва чўкиб кетди. Бунга гувоҳ бўлган қоратанли билан боғланган оқтанли полициячи қотилни ҳибсга олишдан бош тортди ва гувоҳни ўзини ҳибсга олди. Полиция ходимининг ҳаракатлари қоратанлиларнинг ғазабини қўзғатди. Бироздан сўнг уларга тўпланган оқтанлилар ҳужум қилишди.

Оқ ва қоратанлилар тўқнашувлари шаҳар бўйлаб тарқалди. Оқтанли одамлар қоратанли йўловчиларни уриб, улар юрадиган жамоат транспортини ағдариб юборди. Кечалари қоратанлилар яшайдиган жойларга ўт қўйишди ва қотилликлар уюштирилди. Полиция ҳужум қилаётган оқлар томонида бўлганлиги сабабли, қоратанлилар уларга ҳам қаршилик кўрсатишга мажбур бўлишди. Тартибсизликлар натижасида 15 нафар оқ ва 23 нафар қоратанли ўлдирилди. 195 нафар оқтанли ва 342 нафар қоратанли тан жароҳати олди. Ёнғинлар туфайли мингдан ортиқ қоратанлилар ўз уйларини йўқотишди. Қотилликлар учун оқларнинг ҳеч бири жазоланмади.

Талса ғалаёни

TulsaRaceRiot-1921.png

1921 йил 30 май куни асосан қоратанлилар яшайдиган Талса шаҳри ва унинг 35 та даҳасида АҚШ тарихидаги энг катта тартибсизликлардан бири бошланди. Бу кўтарилишга 17 ёшдаги Дик Роуленд исмли ўспиринни ўлимга ҳукм қилишга уринишгани сабаб бўлди.

Воқеа Дик Роуленд Сара Пейж исмли оқтанли қизга ҳужум қилганликда айбаниши билан бошланган. Шаҳар шерифи Уилерд Маккалоу бу воқеа бўйича детектив Генри Кармайкни чақиради ва ўсмир айбдор деб топилиб, қамоқхонага олиб кетилади. Шундан сўнг, шаҳарнинг афроамерикалик аҳолисида Дикни ўлдиришлари мумкинлиги бўйича хавотир вужудга келади ва улар Талса қамоқхонасига қараб боришади. Шу вақтда оқтанлиларнинг қуролланган отряди ҳам турмага етиб келади. Айтишларича, отряд орасида Ку-Клукс-Клан террорчилик ташкилоти аъзолари ҳам бўлган. 

Турма ташқарисига йиғилган оломон Дикнинг ўлимига йўл қўйилмаслигини айтади ва шундан сўнг отишма бошланиб кетади. Тез орада шаҳарнинг ярми вайронага айланади. Шаҳарда асосан бинолар ёғочдан қурилгани боис деярли барча биноларга ўт қўйилади. Шаҳарнинг қоратанлилар яшайдиган ҳудуди – Гринвуд 100 фоиз олов ичида қолади.

Воқеа натижасида 350 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 300 нафардан ортиғи қоратанлилар бўлган. Камида 800 киши жароҳатланди. 1256 та турар-жой, савдо ва коммунал бинолар, яъни Гринвуднинг деярли барча бинолари бутунлай ёқиб юборилди. Суд натижасида қоратанлилар айбдор деб топилди ва ҳибсга олинди. Лекин, уларнинг ҳеч бири суд қилинмди. Оз вақт ўтгандан сўнг барча айбдорлар, шу қаторда Дик ҳам озод қилинди. Орадан 89 йил ўтиб, яъни 2010 йилда қоратанлилардан бўлган АҚШ Президенти Барак Обама даврида ушбу ғалаён қурбонларига атаб ёдгорлик ўрнатилди.

Синсиннати шаҳридаги оммавий тартибсизликлар 

Бу ҳодиса ҳам қоратанли фуқаронинг ўлдирилиши билан бошланди. Жараён 2001 йил апрель ойида 19 ёшли афроамерикаликнинг оқ танли полиция ходими томонидан ўлдирилиши муносабати билан бошланган.

2001 йил 7 апрель шанба куни кечқурун полициядан яширинишга уринган 19 ёшли Тимоти Томас ўлдирилди. 8 апрель душанба кунидан бошлаб афроамерикаликлар шаҳарда тартибсизликлар бошлади. Сешанба куни шаҳарнинг тарихий марказидаги бозор ёқиб юборилди. Норозилик билдирган фуқаролар дўконлар ва идораларни талон-тарож қилишди. Полиция ходимлари шаҳар маъмурияти биносини кўздан ёш оқизадиган газ ва пластик ўқлардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилдилар.

12 апрель куни шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди ва комендантлик соати жорий этилди. Шундан кейин тартибсизликлар тўхтатилди. Тартибсизликлар натижасида 60 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Фергусон ғалаёнлари

АҚШнинг Миссури штатидаги Фергусон шаҳрида 2014 йил 9 август куни намойиш ва тартибсизликлар бошланди. Бунга 18 ёшли қоратанли Майкл Браун 28 ёшли оқ полиция ходими Даррелл Уилсон томонидан ҳибсга олиш пайтида отиб ўлдиргани сабаб бўлди. Норозилик намойиши иштирокчиларининг аксарияти маҳаллий афроамерикалик ҳамжамият аъзолари эди. Тартибсизликлар асосан Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда, Браун қўлларини кўтарганига қарамай, яъни ирқий сабабларга кўра ўлдирилганлиги ҳақидаги хабар тарқалганидан кейин бошланди.
 
Бир неча кундан сўнг тартибсизликлар сезиларли даражада пасайди. Аммо 2014 йил 24 ноябрда суд ҳайъати Даррелл Уилсонни далил йўқлиги учун айблашни рад қилганидан кейин вазият яна ёмонлашди. Норозиликлар АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Ўша йилнинг 2 декабрида ғалаёнлар тугади.

Балтимордаги тартибсизликлар

АҚШнинг Мериленд штатидаги Балтимор шаҳрида 2015 йил 25 апрель куни намойишлар ва тартибсизликлар бошланди. Бунга 26 ёшли америкалик қора танли Фредди Грейнинг ўлими сабаб бўлди. У полиция томонидан ҳибсга олинганидан сўнг, олган жароҳатлари туфайли вафот этган эди. Тартибни тиклаш учун АҚШ Миллий гвардияси бўлинмалари Балтиморга юборилди. Тартибсизлик оқибатида 100 га яқин полициячи жароҳат олди, 200 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Норозиликлар АҚШнинг бошқа шаҳарларини ҳам қамраб олди.

Фредди Грейни ҳибсга олишда иштирок этган олтита полициячига қарши айблов эълон қилинди. Полиция ҳайдовчиси иккинчи даражали қотилликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

АҚШ ва Рим Империясининг ўхшаш тақдири 

Юқорида АҚШда ирқчилик сабабли содир бўлган қонли воқеалар билан танишдик. Ҳозирда бўлаётган ҳодисалар ҳам ҳудди шу сценарий бўйича кетмоқда. Лекин, бу галги воқеалар сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг гегемон сифатидаги сўнгги кунлари эканлигини англатиши мумкин. Бу нима дегани? 

Америка Қўшма Штатларидаги ғалаёнлар бир нарсага урғу берди: Америка держава сифатида ўлишни бошлади. Украиналик журналист Андрей Головачевнинг фикрича, айни жараёнлар дунёдаги мувозанатни ўзгартиради. Аввалроқ, Европа Иттифоқи расмийси ҳам АҚШнинг гегемонияси тугаб “Осиё асри” бошланганини айтиб ўтган эди. Ҳўш бу қандай юз берди?

Аслида, бу СССР қулаганидан сўнг бошланган. 1991 йилда СССР парчалангандан сўнг, дунёда икки қутблилик ниҳоясига етди. АҚШ сайёрада якка ҳукмрон бўлиб қолди. Энди унга бас келадиган ҳеч бир куч қолмаганди.

Журналист Америкада рўй бераётган воқеаларни қадимги Римдаги воқеалар билан таққослайди. Рим ўзининг энг катта душмани Карфагенни мағлубиятга учратгандан сўнг, Ўрта ер денгизида якка ҳукмронга айланди. 

Шундан сўнг, Рим деярли чексиз ресурсларга эга бўлишни бошлади. Римнинг ҳарбий ва сиёсий ҳукмронлиги билан таъминланган бундай глобаллашган иқтисодиёт доирасида италиялик ҳунарманд ва деҳқонлар Римнинг ўзида деярли фойдасиз ва рақобатга чидамсиз бўлиб қолишди. Аста-секин уларнинг барчаси банкрот бўлиб, иқтисодий талабга мос келмай қолди. Жамиятда ўрта синф йўқолиб кета бошлади. Кейинчалик жамият аста-секин икки қутбга бўлинди: бир томондан, ҳашамат ва коррупцияга ботган амалдорлар ва зодагонлар, иккинчи томондан, жуда камбағал ва ҳуқуқлари доим поймол бўладиган оддий аҳоли. 

Ҳукумат бир пайтда ҳам очларга ва ҳам кўнгилочар намойишларга пул ажратиш керак эди. Яъни бир вақтнинг ўзида ҳам камбағалларни ҳам зодагонларни кўнглига қараш керак бўлиб қолди. Бундай тизим барқарор бўла олмади ва тез орада Рим империяси фитналарга берилиб, охир-оқибат парчаланиб кетди. Хулоса: Римнинг ўлимига унинг бутун дунёда тўлиқ ҳукмронлик қилиши сабаб бўлди.

Ҳозир Америка билан шунга ўхшаш ҳолат рўй бермоқда. Коммунистик тузум қулаганидан сўнг, Қўшма Штатлар дунё гегемонига айланди. Унинг “мушугини пишт дейдиган” куч қолмади. Улар бутун ер юзини назорат қилишди. Пул дарё каби оқарди, Америка бойликка ботиб, ўз имкониятларидан ташқарида яшай бошлади. Ишлашнинг маъноси йўқ. Барча ишлаб чиқариш Жануби-Шарқий Осиёнинг камбағал мамлакатларига тўғри келди. Камбағал давлатлардан келаётган сув текин хом ашёлар ва қурол савдоси АҚШни қулоғигача бойликка ботирди. Бутун камбағал дунё давлатлари АҚШ учун ишлай бошлади ва ҳамма топган пулларини Америка активларига ўтказишга мажбур бўлди.

Бундай шароитда АҚШда худди Римдагидек вазият пайдо бўлди. Ўрта қатлам деярли йўқола бошлади. Ҳукумат энди ҳам уйсиз ва очларни, ҳам томоша-ю кўнгилхушликларни севувчи бойларни андармон қилиши керак бўлиб қолди. Ҳозирда мамлакатда 50 миллиондан ортиқ одамлар махсус карточкалар орқали ҳукуматдан ёрдам олади. Шу билан бир қаторда дунёнинг кичик ва заиф мамлакатларига қарши ғолибона ҳаво ҳужумлари билан “зодагонларни” кўнглини олишади. Бундай шароитда, дунё ҳукмронлигига эришган жамиятда муқаррар равишда ахлоқий таназзул бошланади. 

Американи яна буюк қилиш энди мумкин эмас. Қўшма Штатлардаги кескин фарқ қилувчи икки қатлам ўртасидаги тафовут Миннеаполисда бошланган тартибсизликлар орқали намоён бўлиб қолди. АҚШ ўзини қурол-аслаҳа савдоси билан боқишга эришолмаса, ҳамма нарса охир-оқибат барбод бўлади. Қурол-аслаҳа савдоси учун эса дунёнинг қаеридадир уруш бошланиши керак.

Коронавирус сўнгги зарба

Таҳлилчиларнинг фикрича, коронавирус пандемияси Америкага сўнгги зарба бўлиши мумкин. Рим империясини эрамизнинг III асри ўрталарида ва VI асрда рўй берган икки вабо эпидемияси иқтисодий жиҳатдан чўкишига сабабчи бўлгани айтилади.

Кўринишидан воқеалар шу йўналишда ривожланмоқда. Иккинчи чоракда АҚШ ялпи ички маҳсулоти ўсиши 38-42 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Бу ХХ асрнинг 30 йилларидаги Буюк депрессия даврида ҳам бўлмаган ҳолат. Расмий маълумотларга кўра, Карантин даврида АҚШда ҳозиргача ишсизлик нафақаси учун 40 миллионга яқин ариза келиб тушган. Одамларда пул қолмаган. Чунки, пул айланмаси катта, иқтисодиёти жадал ривожланган давлатларда маблағ жамғариш кам учрайдиган ҳолат саналади. Ана шундай ҳолатда, коронавирусга қарши жорий қилинган карантиндан чарчаган одамлар ҳозиргидек тартибсизликлар уюштириши яшаш учун курашга ўхшайди. Одамлар ирқчиликка қарши чиқиш фонида дўконларни таламоқда. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ҳаёт учун зарур бўлган турли буюмлар сотувчи дўконлар намойишчиларнинг биринчи ўлжасига айланмоқда.

Айни пайтда, Хитой ўз иқтисодиётини 100 фоиз ишга туширган бир вақтда, АҚШ иқтисодиёти атиги 60 фоиз қуввати билан ишлаяпти.

Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи ва ҳамма нарса цикл қонунларига мувофиқ такрорланади. Американинг лидерлиги тугайди. Демак, Хитой даври бошланаётган кўринади. 

Шу ўринда Қуръони Каримдаги қуйидаги оят беихтиёр ёдга келади: “Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз”. (Оли Имрон сураси 140-оят)


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қуръон Коронавирус Тартибсизликлар Жорж Флойд Мартин Лютер Кинг Ирқчилик

Баҳолаганлар

2016

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made