Қулаётган энергетика тизими: “Шамда телевизор кўраётган” авлод ёхуд ваъдабоз аъёнлар кимга керак?

Жамият 14566
image

Мана, неча соатдирки, пойтахт Тошкентнинг бир нечта туманларида электр энергиясидан шармандали узилишлар кузатилмоқда. Айтайлик, Олмазор туманида куннинг энг қиздирган вақтида “свет” бўлмади. Хонадонларни қўйинг, банк, поликлиника, хизмат кўрсатиш объектлари, ҳатто, светофорларда ҳам чироқ йўқ. Шўрлик ЙПХ ходимлари соатлаб +40 даражадан юқори иссиқда, қуёш тиғида чорраҳаларда қолиб кетди. Бу сафар уларга ҳақиқатан ҳам ачиндик. Бечораларнинг на ҳуштак чалишга, на таёқчасини кўтаришга мадори қолди. Силласи қуриди, аниқроғи қуритишди.

Шармандалик шу даражагача бориб етдики, ҳатто, метрода ҳам электр узилди. Мана, сизга Янги Ўзбекистоннинг янги энергетика тизими (!) Яхшиям самолётлар электр токи билан учмайди. 

Энергетика вазирлиги ва унинг ҳузуридаги ташкилотларнинг тили доим узун. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бу сафар ҳам баҳона топди. Нима эмиш, биз кўп электр сарфлаб қўяётганмишмиз. 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг иддао қилишича, “шу кунларда республиканинг барча ҳудудларида жазирама иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилмоқда”. Яшанг! Қаранг-а, биз билмагандик иссиқ бўлаётганини. Бирор ўрмон ёниб, иссиғи бизга уряпти, деб ўйлабмиз. АЖ ўзини оқлашда давом этиб қуйидагиларни қўшимча қилади: 

“Бундай вазиятда, тирик жон борки, соя-салқин жой қидиради, ёхуд электр энергияси сарфи катта бўлган турли совитиш жиҳозлари ва бошқа маиший воситалар ёрдамида жон сақлайди. Бу эса, ўз навбатида, мавжуд автоматик қурилмалар ўта юклама билан ишлашига ва натижада фавқулодда аварияли ҳолатлар юзага келишига олиб келмоқда”.

Наҳотки?! Наҳотки?! Наҳотки?! Бундай оламшумул тадқиқотни ўтказганларга Ҳожибой Тожибоев таърифи билан айтганда, ҳозирча Нобель эмас, сумалак бериш керак. 

АЖнинг иддаолари ва масалага билдирган изоҳларини таҳлил қилишда давом этамиз. Кейинги жумлаларда “Ҳудудий электр тармоқлари” муаммо келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган ишлар олиб борилаётгани хусусида фикр билдирган. 

“Аввал ҳам хабар берилганидек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ барча таркибий корхоналари томонидан бу каби муаммоларни бартараф этиш, электр таъминотидаги узилишларни олдини олиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда” (!)

Қизиқ, жуда қизиқ. Кўрган чорангиз натижасида бутун бошли туманда чироқ бўлмаса, метро тўхтаб қолса, бу муаммо бартараф этилганиданми ё унинг келиб чиқишини томошабин бўлиб кузатилганиданми? 

Кейинги ўринларда “Ҳудудий электр тармоқлари” ўзини алқашда ва оқлашда давом этиб, муаммолар устида тезкорлик билан ишланаётганини айтади:

“Тегишли мутахассислар, электромонтёрдан тортиб махсус автотранспорт ҳайдовчилари, паст кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи ишчи-ходимлар жалб этилган ҳолда, жойлардаги подстанциялар, трансформатор пунктлари, электр узатиш ҳаво тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, юзага келаётган фавқулодда узилиш ва носозликлар тезкорлик билан бартараф этилмоқда”.

Юқоридаги гаплар шу қадар ҳиссиётларга берилиб, совитгич тагида, муздек хонада, стол устида камида қаҳва билан ёзилгандек. Йўқса, муаллиф “тезкор” сўзини ишлатишда бироз андиша қилган бўлармиди... Пойтахти азимдаги ҳудудларда 10 соатлаб “свет” бўлмаётганда, қайси тезкорлик ҳақида гаплашяпмиз, жаноблар?

Бу вазиятда айбни яна аҳолига ағдариш қанчалик тўғри? Балки жойлардаги эскириб кетган подстанциялар ва трансформатор пунктларини янгисига алмаштириш вақти келгандир? Дунёнинг энг иссиқ давлатлари бўлмиш Бирлашган Араб Амирлиги, Қатар, Малайзия ва бошқа шу каби ўлкаларда нега электр тармоқларида бу қадар инқирозли узилишлар кузатилмайди? Ваҳоланки, ушбу ҳудудлар электр энергияси сарфи Ўзбекистондагидан бир неча баравар кўп.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда йилнинг иссиқ ёки совуқ ойларда фақат вилоят марказлари, яъни шаҳарларда электр энергияси сарфи катта бўлиши мумкин. Лекин, мамлакатнинг аксарият ҳудуди қишлоқлардан ташкил топгани боис, ушбу ҳудудларда  электр энергияси сарфи катта бўлган турли совитиш ёки иситиш жиҳозларидан фойдаланиш уёқда турсин, “свет” келганининг ўзи бир байрам.

Асосий муаммо — электр тармоқларидаги узилишлар оқибатида тез тиббий ёрдам кўрсатувчи ёки жарроҳлик амалиёти олиб борилаётган шифохоналар аҳволи нима бўлишида. Бундан ташқари, электр энергияси огоҳлантиришсиз узоқ муддатга ўчирилиши иссиқ туфайли кўчага чиқиши тавсия этилмаётган аҳолининг жонига жабр. Шунингдек, электр таъминотидаги узилишлар оқибатида айрим тадбиркорлар ўз бизнесида жиддий зарар кўриши ҳам турган гап. Кўряпти ҳам. 

Жорий йилнинг 25 мартида Президент раислигида ўтказилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича видеоселектор йиғилишида Энергетика вазири Алишер Султонов Электр тармоқлари бўйича 2021 йилнинг октябрь ойигача амалга оширадиган ишлари тўғрисида ҳисобот берган эди. Ушбу ҳисобот вақтида Энергетика вазири бу йилдан тизим талабни қондиришга тайёр бўлишини, Ўзбекистон ҳудудида электр таъминотида муаммо бўлмаслигини айтиб, Президентга ваъда берганди. Негадир ёпишмапти. Энергетика вазирининг берган ваъдалари пойтахт туманларида соатлаб чироқ ўчишига қанчалик тўғри келяпти, сизнингча? 

Иқлимнинг кескин ўзгариши, дарахтлар қирғини, нобоп экологик муҳит ва унга инсон омили орқали келтирилган зарарлар сабаб Ўзбекистон ҳам иссиқ давлатлар сарасига кириб қолди. Йилдан йилга муаммолар ортяпти. Аввал туппа-тузук ишлаб турган подстанциялар бугун таъмирга муҳтож. Одам сони кўпаймоқда, шаҳар кенгайяпти. Бу эса аввалдан маълум эди. Инфратузилма билан ишлайдиган ҳар қайси ташкилот камида 10 йиллик эҳтимол билан олдиндан тайёргарлик кўриб бориши керак эди. Бироқ, 5 йиллик Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ўзини бугунги Энергетика вазирлиги бажара билдими? Тизимда “счетчик”лар ва раҳбарлардан бошқа нима ўзгарди. Авваллари қишда “свет” ўчишига кўникиб қолган, газдан умидини узган, исиниш учун кўмир ёқиб, тунда кўмир “угарь”идан қурбон бўлган одамлар учун Энергетика вазирлиги нима қила олди? Ёзда ҳам “свет” ўчиши билан сийладими? 

Ҳа, бошқа мамлакатларда ҳам чироқ ўчади. Улар ҳам муаммолардан ҳоли эмас. Бироқ, бўлганим шу, деб ўтирмайди. Айтайлик, куни кеча Эронда Президент Ҳасан Руҳонийнинг топшириғи билан электр энергиясида катта узилишлар бўлди. Президент бу узилишлар сабабини тушунтириб, халқдан узр сўради. Уларни кўп энергия сарф қилиб қўйишда айбламади. Хўш, Энергетика вазирлигидаги каттаконлар қачон халққа юзланади?  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 547
Рейтинг: 3.1
t
×