Қўқонда ноқонуний дори ишига аралашган адвокат қўлга тушди
3-саҳифа
−
13 Июль 5990 2 дақиқа
Фарғона вилоятида Қирғизистон Республикасидан олиб келинган 14700 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик химати хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи, 1983 ва 1993 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар фуқаро шахсий бойлик орттириш мақсадида ўзаро тил бириктириб, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Қувасой шаҳри ҳудудидан ўтувчи қисмида аввалдан келишилган ҳолда Қирғизистон фуқаросидан 8000 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олади.
Сўнгра, ушбу дори воситаларини келгусида сотиш мақсадида Қўқон шаҳрида ижарага олинган хонадонга олиб борган ҳамда ходимлар томонидан ушланган.
Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда маҳаллий адвокатлик бюроси адвокати ҳамда 1974 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, витамин дори воситалари кўринишида қадоқланган жами 4400 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 180 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этиш жоиз, мазкур 3 нафар қонунбузарнинг барчаси муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона-Қўқон йўналишида ҳаракатланаётган, 1983 йилда туғилган муқаддам Жиноят Кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан судланган шахс бошқарувидаги автомашина Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган.
Холислар иштирокида кўздан кечирилганда автотранспорт воситасининг салон қисмида 100 дона “Тропикамид” ва 559 дона “Регапен” номли жами 110 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахсга дориларни сотган - Фарғона туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро Қўштепа туманида бошқа харидорга 1400 дона “Регапен” кучли таъсир таъсир қилувчи дори воситаларини 2800 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.
Худди шу йўналишда ҳаракатланаётган яна бир автомашина ҳам Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салонида Қўқон шаҳрида яшовчи, мукаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1981 йилда туғилган шахсга тегишли умумий қиймати 75 млн сўмлик 250 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Билдирилишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Бухоро туманида сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига барҳам берилганди.
Live
Барчаси