Қўчқоров 2019 йил якунида кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичларни очиқлади
Жамият
−
30 Ноябрь 2019
3733Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида” Қонун муҳокама қўйилган. Қонун муҳокамаси олдидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилмоқда.
Қўчқоров ўз маърузасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Бюджетнома ҳақида ўз юритишдан аввал, 2019 йил якуни бўйича кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳамда Давлат бюджетининг ижросига қисқача тўхталиб ўтди.
Қўчқоровга кўра, йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши йил бошида прогноз қилинган 5,4 фоиз ўрнига 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жаҳон банки ҳамда Осиё тараққиёт банки баҳолари ҳам шуни тасдиқламоқда.
Бунда, ўсиш қурилиш соҳасида 11,8 фоиз, саноатда 6,4 фоиз ва хизматлар соҳаси 6,1 фоизни, қишлоқ хўжалигида эса 3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
2019 йил якунларига кўра Давлат бюджети даромадлари 112 трлн. 600 млрд сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 42 фоизга ошиши кутилмоқда.
Хабарингиз бор 2019 йилдан бошлаб:
• давлат мақсадли жамғармаларга товар айланмасидан олинадиган 3,2%ли мажбурий ажратмалар бекор қилинди;
• юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5%дан 2%гача камайтирилди;
• жисмоний шахслар даромади солиғи прогрессив ставкаларини ўрнига ягона 12%ли ставка жорий қилинди (7,5/16,5/22,5);
• фуқароларнинг 8%ли мажбурий суғурта бадали бекор қилинди;
• ягона ижтимоий тўлов ставкаси хусусий сектор учун 25%дан 12%гача камайтирилди;
• ягона солиқ тўлови ставкаси 5%дан 4%гача камайтирилди.
Шу биланг бирга йиллик айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган корхоналар учун умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш тартиби жорий қилинганлиги сабабли:
• қўшилган қиймат солиғи тўловчилари йил бошидаги 7 мингдан 82 мингтага етди;
• юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчилари 7,5 мингтадан 48 мингтага;
• мулк солиғи тўловчилари 9,3 мингтадан 64 мингтагача;
• ер солиғи тўловчилари 12,8 мингтадан 74 мингтагача;
• сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар сони 3,4 мингдан 50 мингтага ошди;
• жисмоний шахслар даромадидан солиқ тўловчилар сони 730 мингтадан ошди.
“Солиқ ставкаларининг пасайиши натижасида жорий йилда давлат бюджети ва пенсия жамғармасининг йўқотишлари 9,4 трлн.сўмни ташкил қилиши керак эди.
Бироқ, ишлаб чиқариш ҳажмларининнг кенгайиши, тарифларни тўғрилаш (корректировка), пахта, ғалла, ун ва нон нархларининг эркинлаштирилиши, ҳамда жорий этилган солиқ ислоҳотлари натижасида қўшимча даромад базаларининг кенгайиши ҳисобига йўқотишлар ўрнини қоплаб, бюджетга тасдиқланган прогнозга нисбатан қўшимча 10 трлн сўм маблағ ундиришга эришишни мўлжаллаяпмиз.
Жумладан маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жорий йил охирига қадар қарийб 6 трлн сўм қўшимча маблағлар қолиши кутилмоқда (2018 йилда – 5,5 трлн. сўм, 2017 йилда 1 трлн. сўм бўлган)”, дейди Молия вазири.
Қайд этилишича, Давлат бюджети харажатлари 115 трлн 700 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 36 трлн 700 млрд сўмга ёки 46,5 фоизга ошиши кутилмоқда.
Йил давомида туширилган қўшимча даромадлар ҳисобидан:
• ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга – 6 трлн. сўм (маҳаллий бюджетлар ҳисобидан);
• Инвестициялар учун – 5 трлн. сўм (Тошкент вилояти – 1,1 трлн. сўм, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишга – 700 млрд. сўм, қўшимча инвестиция объектларига – 1,4 трлн. сўм ва бошқалар);
• арзон уй-жойлар қурилишини кредит линиялари орқали молиялаштиришга – 1,2 трлн.сўм;
• иш ҳақи ошиши ва ун компенсацияси учун – 1 трлн. сўм;
• хусусий-шерикчилик асосида ташкил топган нодавлат боғчаларни қуриш учун кредит линиялари учун – 800 млрд. сўм ажратилди.
Натижада давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалар дефицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Умумий фискал баланс дефицити эса 3,1 фоизни ташкил қилади.
Умумий фискал баланс давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалар балансини яъни 0,9 фоиз, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси дефицити 0,9 фоизни ва Давлат бюджетидан қопланадиган ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар 7 трлн. сўм бу кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,3 фоизни ҳисобга олган ҳолда давлатнинг умумий бюджет балансини кўрсатувчи кўрсаткичдир.
Иқтисодий соҳада таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳолатда жорий йилда инфляция даражаси нисбатан баланд бўлиши ва 15,5 фоиздан ошмаслиги кутилмоқда.