Қримнинг аннексиясини тан олмаймиз – Эрдўған яна Путинга қарши гапирди

Олам

image

Туркия Украинага тинчлик ўрнатиш учун воситачилик саъй-ҳаракатлари ва қадамларини давом эттиришда қатъийдир. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 23 август куни онлайн форматда Қрим платформаси саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтди. 

Туркия раҳбари Украина Президенти Владимир Зеленскийга тадбирда иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара Қрим учун тинч йўл билан самарали кураш олиб боришга қаратилган Платформани яратиш ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва тўғри деб ҳисоблайди. 

У Туркиянинг қўллаб-қувватлаши Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлининг ўтган йили Киевда бўлиб ўтган Қрим платформасининг биринчи таъсис саммитида шахсан иштирокида намоён бўлганини эслатди. Туркия Қрим платформаси фаолиятини барча даражадаги қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди. 

Қримнинг Украинага қайтарилиши халқаро ҳуқуқ талабидир

Эрдўған Туркия Қримнинг аннексия қилинишини тан олмаслигини, бу қадамни ноқонуний деб билишини, воқеаларнинг биринчи куниданоқ очиқ эълон қилаётганини эслатди.  

“Мамлакатимизнинг Қрим бўйича позицияси нафақат қонунга асосланади, балки Анқаранинг маънавий позицияларининг асосий нанумасидир. Қримнинг Украинага қайтарилиши ҳам халқаро ҳуқуқнинг талабидир. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий бирлигини сақлаб қолиш нафақат минтақа, балки глобал хавфсизлик ва барқарорлик учун ҳам жуда муҳим”, дейди Туркия раҳбари. 

У Қрим татарларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни Туркиянинг устувор вазифаларидан бири деб атади.  

“Анқара Қримдаги жараёнларини диққат билан кузатиб бормоқда. Шу муносабат билан мен яна Қрим платформасининг биринчи саммитидан сўнг ҳибсга олинган Қрим-татар халқи мажлисининг биринчи ўринбосари Наримон Жалол ва унинг шерикларини озод қилишга чақираман”, дейди сиёсатчи. 

Туркия Президенти қрим-татарлар ўз тарихида бир неча бор фожиали воқеаларни бошдан кечиргани ва ота-боболари заминида тинч яшашга тўла ҳақли эканини эслатди. 

У Анқара бу масалада Украина ҳукумати ва Қрим татарларини қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди. 

Туркия раҳбари Украинада жорий йилнинг 24 февралидан бери давом этаётган уруш мавзусига яна тўхталди. Туркия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети асосида адолатли тинчлик тарафдори эканини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, Анқара дипломатик каналлар самарадорлигини таъминлаш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Анталияда бўлиб ўтган Туркия, Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг уч томонлама учрашуви ҳамда Россия ва Украина делегацияларининг Истанбулда ўтказилган учрашуви бунинг яққол мисолидир. 

Эрдўған Украина портларидан ғалла экспорти бўйича келишувни ҳам муҳим ва аниқ муваффақият деб атади. 

“18 август куни Львовга ташрифимиз чоғида Туркия позициясини яна бир бор тасдиқладик. Бироқ, суръатни сақлаб қолиш ва уни узоқ муддатли натижаларга айлантириш кўп жиҳатдан томонларнинг тинч қадамларига боғлиқ. Туркия воситачилик саъй-ҳаракатларини ва Украинада тинчлик ўрнатиш учун қадамларни давом эттиришга қатъий қарор қилди”, дейди у. 

Давлат раҳбари урушнинг тугаши ва Қора денгиз минтақасида барқарорликнинг тикланиши нафақат минтақага, балки бутун дунёга хотиржам нафас олиш имконини беришини қайд этди. 

“Шу муносабат билан мен Украинанинг, жумладан Қримнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимни яна бир бор таъкидлайман ва минтақамизда тинчлик муҳити тезроқ тикланишига умид қиламан”, дейди Президент.

Маълумот учун, бугун, 23 август куни Қрим платформасининг иккинчи саммити бошланди. Тадбир онлайн тарзда ўтказилди. Тадбирни Украина Президенти Владимир Зеленский очиб берди. 

60 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар Қрим платформасининг иккинчи саммитида иштирок этишини тасдиқлади, шулардан 40 га яқини Президентлар ва Бош вазирлар даражасида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг