Қозоқча маркетинг: Олмаотада бўялган эшаклар пайдо бўлди (видео)
Олам
−
21 Май 3232 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Турген дарасида, Аси ясси тоғлиги томон йўл бўйлаб зебрага жуда ўхшаш икки ҳайвон бемалол юриб кетаёгани акс этган видео кенг тарқалди. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари видеодаги ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, видеодаги ҳайвонлар экзотик зебралар эмас, балки оддий оқ эшаклар бўлган. Уларнинг эгаси сайёҳларни маҳаллий дам олиш ҳудудига жалб қилиш мақсадида эшакларни хавфсиз бўёқ билан зебра кўринишига келтирган. Олмаота вилояти полиция департаментининг маълум қилишича, ҳайвонлар эгасининг шахси аниқланган.
“Ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғи яхши. Полиция ходимлари воқеага ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳайвонларга муносабат қоидаларига риоя этилганини текшириш мақсадида ўрганиш ишларини олиб бормоқда”, дейилади идора изоҳида.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу воқеага турлича муносабат билдирган. Айримлар мижоз жалб қилишнинг бундай усулини танқид қилган.
“Бу кимнинг ҳаёлига келди ўзи? Бу ҳайвонлар учун хавфли бўлиши мумкин. Бўёқ заҳарли бўлиши эҳтимолдан холи эмас ва улар узоқ вақт шу ҳолатда юришга мажбур, энди”, деб ёзган Threads тармоғидаги фойдаланувчилардан бири.
Бошқалар эса вазиятга ҳазил ва киноя билан ёндашган.
“Бу шунчаки қамоқдан қочиб кетган эшаклар экан”, дейди тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Марказий Осиёда илк бор учар таксини синовдан ўтказган эди.
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май